Самарқанд ва Қашқадарёда 1 млрд сўмдан ортиқ бюджет пуллари “еб юборилгани” аниқланди

Жамият

image

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятида мутасаддилар қарийб 1,2 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-тарож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятидаги Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ходимларига 29,5 миллион сўм ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2020 йил давомида ходимларга 60 та ҳолатда 94,4 млн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар асоссиз ҳисоблаб, тўланган. Шунингдек, 8 та давлат молиявий назорати объектида жами 498 млн сўм талон-тарож қилинган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали мансабдор шахслари марказда ишловчи 54 нафар ишчи-ходимларга умумий 175 миллион сўмлик туғруққача ва туғруқдан кейинги таътил, касаллик варақаси ва меҳнат таътили ҳамда устама пулларини асоссиз ҳисоблаш орқали давлат бюджетининг жуда кўп миқдордаги маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган. 

Шунингдек, Самарқанд шаҳар 3-сон туғруқ мажмуаси томонидан ходимларга иш ҳақи сифатида 50 млн сўм ва Нарпай туман Ободонлаштириш бошқармасида жами 29 млн сўм бюджет маблағлари қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тасарруф этилган.

Таъкидланишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишларда биргина Самарқанд вилоятининг ўзидаги бюджет муассасаларида жами 563 млн сўмлик, Қашқадарё вилоятида эса 621,9 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-тарож қилинган.

Мазкур ҳолат бўйича ҳудудий прокуратура органлари томонидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг