Самарқанд давлат тиббиёт университетида дунё талабалари бирлашди

Бизнес

image

Жорий йилнинг 15-май куни Самарқанд давлат тиббиёт университетида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари" номли талабалар ва ёш олимларнинг 80-халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Халқаро илмий-амалий конференцияда Россия, Беларусь, Болгария, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари ҳамда Республикамизнинг 47 та олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказларидан 1200 нафар талабалар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғратбай Шарипов ҳамда СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаев сўзга чиқиб, ташкил этилган мазкур конференциянинг Республикамизда илмий ва амалий тиббиётнинг янада ривожланиши, халқаро майдон билан тажриба алмашишнинг кенгайишидаги аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омад тиладилар.

Шунингдек, очилиш доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Беларусь давлат тиббиёт университети, И.Н. Ульянов номидаги Чувашия давлат университети ҳамда Польша Олий бизнес мактаби билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар учун икки олийгоҳ дипломлари тантанали тарзда топширилди. Бундан ташқари Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари учун таъсис этилган “Meros Pharm” стипендияси соҳибларига ҳам сертификатлар тақдим этилди.

Очилишнинг кейинги қисми байрамона тарзда куй-қўшиқлар, қизиқарли чиқишлар билан кўтаринки руҳда давом этди.

Очилиш маросимидан сўнг, конференция ўз ишини 25 та шуъба бўйича давом эттирди. Конференция шуъбаларида талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг тақдимотлари намойиш этилди. Анжуман давомида тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммолари билан бир қаторда “Ёш олимлар клуби” давраси ташкил этилиб, тиббиётдаги инновацион ғоялар, Start-UP лойиҳалари муҳокама қилинди. Якунда анжуман иштирокчиларига диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида бўлиб ўтган “Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари” талабалар ва ёш олимлар анъанавий 80-халқаро илмий-амалий конференцияси талабалар ва ёш олимларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, уларнинг салоҳияти ва илмий ютуқларидан самарали фойдаланиш, фундаментал ва клиник фанлар ўқитиш сифатини янада ошириш ҳамда мамлакатимиз тиббиётини янада ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг