Самарқанд 14 та давлат ва ҳукумат раҳбарларини ўзида жамлади 

Жамият

2016 йил 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига мезбонлик қилган Ўзбекистон орадан олти йил ўтиб ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларини яна бир жойга жамламоқда. 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган саммит иштирокчиларини кутиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни Самарқандга етиб борди. Давлат раҳбари Самарқандда ишни Имом Бухорий мақбараси ва Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.


 
14 сентябрь куни биринчилардан бўлиб, Мўғулистон Президенти Ухнагийн Хурелсух Самарқандга етиб келди.

Уни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Шавкат Мирзиёевнинг илк учрашуви Мўғулистон Президенти билан бўлди. Улар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишди.


 
ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони Шавкат Мирзиёев қабул қилган иккинчи меҳмон бўлди.


 
Мирзиёев Бош котиб ўринбосари Розмари ДиКарлони билан Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, долзарб халқаро масалалар, мамлакатда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ишлар юзасидан фикр алмашди.

Шу куннинг ўзида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Самарқандга етиб келди. Бу – Эрон етакчисининг Ўзбекистонга сўнгги 20 йилдаги илк ташрифидир. Аэропортда уни Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.


Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан келган Иброҳим Раисийни расмий кутиб олди.



Кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарларининг музокаралари бошланди. Диққат марказида – ўзаро савдо ҳажмини ошириш, кооперацияни кучайтириш, саноат, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўлди.

Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Қўшма баёнот имзоладилар. Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди. Уларнинг орасида “Чобаҳор” порти орқали халқаро юк ташишлар ва транзитни амалга ошириш тўғрисида меморандум ҳам бор.

Куннинг сўнги меҳмони – Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинни Самарқанд халқаро аэропортида шахсан Президент Шавкат Мирзиёев қаршилади. Қозоғистондаги сафарини якунлаб Ўзбекистонга келган Си Цзиньпин самолёт бортидан юзида ниқоб билан чиқиб келди ва Президент Мирзиёев билан учрашув вақтида ҳам ниқобини ечмади. Аҳамиятлиси шундаки, фахрий қоровулдан тортиб хонанда-ю созандалар ҳам юзига ниқоб тақганди. Давлат ташрифи билан келган Хитой раиси бошқа давлатларга қараганда катта тантана билан қарши олинди.

Бугун, 15 сентябрь куни эрталаб кетма-кет Тожикистон ва Туркманистон Республикаси Президентлари Имомали Раҳмон ва Сердар Бердимуҳамедов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келди. Халқаро Аэропортда олий мартабали меҳмонларни Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Кеча 14 сентябрь куни тунда давлат ташрифи билан келган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинни расман кутиб олиш маросими бугун, 15 сентябрь куни бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Мирзиёев ва Хитой Раисининг музокаралари бошланди. Учрашув аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шерикликнинг 10 йиллиги муносабати билан бир-бирини қутладилар.

Давлат раҳбарлари стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани катта мамнуният билан қайд этишди.

Гуманитар ҳамкорлик, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Музокаралар якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди. Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун Олий даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Россия Президенти Владимир Путин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларус фуқароси Александр Лукашенко ва Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмине Эрдўған билан Ўзбекистонга етиб келди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов қаршилади.

Бу орада Озарбайжон Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилгач, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Давлат раҳбарлари Самарқандда ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг кун тартибини келишиб олди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди. Кун якунида эса Президент Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди.

Россия Президенти Владимир Путин Самарқандга келиб, Мирзиёев билан учрашгунича ҳам бир нечта давлатлар раҳбарлари билан мулоқот ўтказди. Хусусан, Путин Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзиньпин, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди. Путин ва Си Сзиньпин мулоқотида Украинадаги можаро, Ғарби санкциялари каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Кун охирлаб қолганида эса Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга келди. Уларни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Самарқанд 14 та давлат ва ҳукумат раҳбарларини Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун ўзида жамлади. Саммитининг асосий тадбирлари ҳали олдинда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг