Саида Мирзиёева: “Ўзбекистонлик аёлларнинг дунёга айтадиган гаплари бор”
Олам
−
16 Февраль 2020
13435Бугун, 16 февраль куни Дубайда Бутунжаҳон аёллар форуми очилди. Унда Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этаётган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади.
“Бутунжаҳон аёллар форуми аёллар манфаати учун етакчи ғояларни сафарбар этиб, кўп ишларни амалга оширди. Ўзбекистон бу борада ҳамфикр ва янги ҳамкорлик учун очиқ.
Аёл ҳуқуқларини таъминламай туриб, инсон ҳуқуқларини таъминлаб бўлмайди”, дейди Саида Мирзиёева.
У сўзида давом этиб, Ўзбекистон аёлларнинг жамият тараққиётидаги ролини оширишда халқаро тажрибани ўрганиш ниятида эканини айтиб ўтди.
“Биз бир-биримиздан ўрганишимиз, бир-биримизга куч беришимиз ва илҳом беришимиз, жамиятимиздаги аёлларнинг инсоният цивилизацияси ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун уларнинг ролини кучайтиришни ўрганиш учун келганмиз. Ўйлайманки, ўзбекистонлик аёлларнинг дунёга айтадиган гаплари бор, улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий ривожланишига салмоқли ҳисса қўша оладилар”, деган Мирзиёева.
Маълумот учун, форумда дунё таниган аёллардан АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қизи ва маслаҳатчиси Иванка Трамп, Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева, Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тереза Мэй ҳам иштирок этяпти. Форумга 87 мамлкатдан 3000 га яқин делегат, 100 та маърузачи, Халқаро Валюта Фонди, Жаҳон Банки, БМТ ва ПРООН каби ташкилотлар вакиллари таклиф қилинган. Форум 16-17 февраль кунлари бўлиб ўтади.