Садир Жапаров ва МХДҚ раиси судга чақирилди

Олам

image

Бишкекнинг Первомай туман суди 2010 йил июн ойида содир бўлган қонли воқеалар бўйича жиноят ишини кўришда давом этмоқда. Бугун, 1 декабрь куни судга собиқ президент Алмазбек Атамбоев келтирилди. Судга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебоев ва Жалолобод вилоятининг собиқ ҳокими Бектур Асанов ҳам келтирилди. 

Собиқ давлат раҳбари тартибни бузгани учун суд залидан олиб чиқилди. 

Йиғилишда айбланувчи Кенешбек Дуйшебоев Президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва парламентнинг собиқ спикери Талант Мамитовни гувоҳ сифатида судга чақириш тўғрисида илтимоснома киритди. 

Бундан ташқари, Кенешбек Дуйшебоевга кўра, суд собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевсиз ўтиши мумкин эмас. Унга кўра, агар собиқ Президент кўрсатма бермаса, у ҳам бу ҳуқуқидан воз кечади. 

Судья Чингизбек Бердимуратов айбланувчининг илтимосномасини қисман қаноатлантирди. Унга кўра, судга Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитов чақирилади. Улар гувоҳ сифатида сўроқ қилинади. 

Чингизбек Бердимуратовнинг эслашича, тергов жараёнида учаласи ҳам сўроқ қилинган. Бундан ташқари, собиқ депутат Ахматбек Келдибеков судга чақирилади. 

Қирғизистонда муваққат ҳукумат 2010 йил апрель воқеаларидан кейин тузилган. Унга 14 киши, жумладан, Роза Отунбоева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниёзалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.

Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев Садир Жапаров

Баҳолаганлар

387

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг