Саакашвилини бадарға қилган собиқ президент уни кўргани шифохонага борди

Олам

image

Грузиянинг тўртинчи президенти Гиоргий Маргвелашвили Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга  бориб, ўзидан олдинги Президент Михаил Саакашвилининг ҳолидан хабар олди. 

Маргвелашвилининг айтишича, у маҳбус билан мамлакат ва минтақадаги геосиёсий вазиятни муҳокама қилган. 

Маргвелашвили Саакашвилига амалдаги Президент Саломе Зурабишвили ташаббуси билан мухолифат ва ҳукмрон партиялар билан биргаликда мамлакатдаги сиёсий кескинликни пасайтиришга қаратилган “Миллий ярашув ташаббуси” доирасида ташриф буюрганини билдирган. 

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарихий деб баҳолаган музокаралар тахминан уч соат давом этган. 

Натижада Маргвелашвили журналистларга берган интервьюсида Саакашвилини “сиёсий маҳбус” деб атаган. 

Маргвелашвилининг айтишича, улар мамлакатдаги сиёсий тарангликни камайтириш ва Грузияга таъсир қилиши мумкин бўлган минтақавий муаммоларнинг олдини олиш йўлларини муҳокама қилган.

"Биз Россия, геосиёсат ва мамлакат олдида турган муаммолар ҳақида гаплашдик", деган собиқ Президент. 

Унинг эслатишича, Саакашвили билан турли масалаларда келишмовчиликлар бўлган ва бу жамоатчиликка яхши маълум. 

Собиқ президент Маргвелашвили 2015 йилда Саакашвилини Грузия фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақидаги фармонни тасдиқлаган. Бу қарор Саакашвили Украина губернатори лавозимини эгаллаганидан кўп ўтмай қабул қилинган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг октябрь ойида ҳибсга олинганидан кейин Саакашвили Рустави шаҳридаги қамоқхонага жўнатилган, сўнгра Тбилисидаги қамоқхона шифохонасига ўтказилган. Унинг адвокатлари ва тарафдорлари эса бу муассаса унинг соғлиғи ва хавфсизлиги учун хатарли экани ҳақида бонг уришган. Саакашвилининг ўзи ҳам алдов ва куч билан қамоқхона шифохонасига ўтказилганини айтган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман томонидан тузилган бир гуруҳ мутахассислар Саакашвилини қамоқхона шифохонасидан кўп тармоқли клиникага ўтказиш бўйича тавсия берган. 19 ноябрь куни у Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга ўтказилган, шундан сўнг Саакашвили очликни тўхтатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг