Саҳрои Кабирда қор ёғди

Олам

image

Жазоирнинг шимолий қисмидаги Саҳрои Кабир ҳудудида жойлашган Айн ас-Сафра қишлоғи аҳолиси ноодатий табиий ҳодисага гувоҳ бўлди. Қишлоқ атрофида қор ёғиб, одатда олтин рангда товланиб турадиган саҳро қумлари оппоқ қор билан қопланди. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.

Маълум қилинишича, Айн ас-Сафра қишлоғи Саҳрои Кабир чўлига кириш дарвозаси сифатида танилган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ер ўзининг ёрқин тўқ сариқ рангли қум тепаликлари билан машҳур. Бироқ, сўнгги ҳафта давомида минтақада кучли қор ёғиши натижасида саҳро манзараси бутунлай ўзгарган – олтинранг қум тепаликларини қалин қор қатлами қоплаган.

Ҳудуд фуқароларидан бири Абдул Ҳақнинг айтишича, бу манзара жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, қор ёғиши туфайли саҳро манзараси ғайриоддий кўринишга кирган ва кўплаб одамлар буни томоша қилиш учун ташқарига чиқмоқда.

Маҳаллий аҳоли бу ноодатий ҳодисадан завқланиб, қор билан қопланган қум тепаликлари бўйлаб югуриб, улардан сирпаниб тушиб вақт ўтказмоқда. Айримлар эса ушбу ноёб манзарани суратга олиб, ижтимоий тармоқларда улашмоқда.

Қайд этилишича, Айн ас-Сафрада охирги марта 1979 йилда қор ёққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда кучли қор ёғиши оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жазоир қор Саҳрои Кабир Айн ас-Сафра

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг