“S&P Global Ratings” Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини эълон қилди
Жамият
−
18 Декабрь 2019
2746Жорий йилнинг 13 декабрида “S&P Global Ratings” агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги бўйича ўзининг навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, агентлик мамлакат суверен кредит рейтингини “BB-“ (“Барқарор”) даражасида сақлаб қолди.
Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтингини баҳолашда унинг:
• Ташқи кредитор позицияси ва паст даражадаги давлат қарзи юки республиканинг кучли тарафи дея қайд этилган;
• Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) камлиги ва пул-кредит сиёсатининг паст даражадаги мослашувчанлиги мамлакатнинг суверен рейтинг кўрсаткичини ошишини чекловчи омиллар сифатида келтирилган. Таъкидланишича, қарорлар қабул қилиш жараёни марказлашган бўлиб, институтлар ўртасидаги ҳисобдорлик ва бир-бирини назорат қилиш тизими етарли даражада ривожланмаган.
Қуйидагилар келгусида Ўзбекистоннинг кредит рейтингига ижобий таъсир этувчи омиллар сифатида санаб ўтилган:
• Мамлакатнинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва давлат улушига эга корхоналар ислоҳоти натижасида иқтисодиётнинг ўсиш салоҳияти ва барқарорлигининг яхшиланиши;
• Диверсификасиялашган давлат бюджети даромадлари базаси ва экспорт таркиби.
Шу билан бирга, қуйидаги омиллар республиканинг кредит рейтинги баҳоларига салбий таъсир этувчи омиллар сифатида келтирилган:
• Юқори импорт ва жорий ҳисоб операцияларининг бундан кейин ҳам қарз ва хорижий валюта резервлари ҳисобига молиялаштирилиши натижасида фискал ва ташқи баланснинг сезиларли даражада ёмонлашуви;
• Давлат улушига эга асосий корхоналар ҳолатининг ёмонлашуви натижасида шартли мажбуриятларнинг ортиши.
Шунингдек, агентлик мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларга ўз фикрини билдирган. Хусусан:
1) Кенг қамровли сиёсий ислоҳотлар республикадаги институтларни яхшилагани ва иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлагани айтилган;
2). Ҳукумат институционал ислоҳотларда муваффақиятга эришаётгани эътироф этилган;
3) Давлат улушига эга корхоналар ислоҳотининг бошланиши “муваффақиятли” дея таърифланиб, уларнинг фаолиятини модернизация қилиш ва харажатларини қоплай олиш даражасига етказиш республиканинг иқтисодий ўсишига замин бўлиши таъкидланган;
4) Банк сектори ислоҳоти ҳукумат кун тартибидаги 2017 йилги иқтисодий ислоҳотлардан кейинги йирик ислоҳот сифатида қайд этилган. Таъкидланишича, банк сектори ислоҳоти иқтисодиётдаги долларлашув даражасини пасайтиришга ва пул-кредит сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилади;
5) 2019 йилги солиқ ислоҳоти солиқ базасини кенгайишига ва солиқларнинг йиғилиши даражасини оширишга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Шу билан бирга, мамлакат учун давлат улушига эга корхоналар ислоҳоти ва тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш Ҳукумат олдида турган вазифа бўлиб қолаётганига урғу берган.