Рўзиқул Бердиев: “Финал – битта ўйиндан иборат” 

Спорт

image

Эртага Қаршининг “Насаф” жамоаси ОФК кубоги финал учрашуви доирасида Баҳрайннинг “Ал-Муҳаррақ” клубига қарши майдонга тушади. Ўйиндан аввал ташкил қилинган матбуот анжуманида “аждарлар” устози Рўзиқул Бердиев ва жамоа сардори Умар Эшмуродов қатнашди.

“Эртага бизни финал кутяпти. Иккала жамоа ҳам бу ерга осонликча етиб келмаган. Шу сабабли эртага иккала жамоа ҳам майдонда борини бериб ҳаракат қилади.

“Ал-Муҳаррақ” жамоасини яхши ўргандик. Рақиб – жуда яхши шаклланган жамоа. Таркибида маҳоратли футболчилари кўп. Анча тартибли ўйнайди. Йигитларга улар тўғрисида тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қилдик.

Балки иссиқ об-ҳаво бироз қийинчилик туғдириши мумкин, лекин бу баҳона бўла олмайди. Қандай қийинчилик бўлса-да, биз финал учрашувида жуда яхши ўйнаган ҳолда асосий мақсадимизга етишга ҳаракат қиламиз. 

Финал – битта ўйиндан иборат. Тўғри, мусобақа тўпурари, ассистлар етакчилари, кўп гол урилганлиги каби рақамлар ва статистикалар биз тарафимизда. Лекин олдинги ўйинлар натижаларини унутган ҳолда, бор эътиборни олдиндаги ҳал қилувчи баҳсга қаратамиз”, дейди Рўзиқул Бердиев.

Қаршиликар сардори Умар Эшмуродов ҳам эртанги баҳсда ғалаба қозонишга умид қилишини таъкилади.

“Эртага мухлисларимизни, халқимизни чиройли ғалаба билан хурсанд қилиш учун майдонга тушамиз ва боримизни берамиз”, деган Эшмуродов ўйин олди матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф” ОФК кубогининг янги мавсумида “F” гуруҳида ўйнади. Ушбу “квартет”да “аждарлар”га “Олтин Аср” (Туркманистон), “Хўжанд” (Тожикистон) ва “Олой” (Қирғизистон) жамоалари рақиблик қилишди. 

Қаршиликлар гуруҳ босқичида “Олтин Аср”ни 2:0, “Хўжанд”ни 3:0 ва гуруҳнинг сўнги учрашувида “Олой”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. 

Плей-оффда  “Насаф”  “Ахал”га қарши майдонга тушиб, иродали 3:2 ҳисобида, чорак финалда эса Ҳиндистоннинг “Моҳун Баган” клубини 6:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасига эга чиқишди.

 Ушбу босқичда “аждарлар”га Гонконгнинг “Ли Ман” жамоаси рақиблик қилди. 22 октябрь куни ўтказилган ярим финалда Қарши клуби гонконгликларни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва финалга йўл олди.

Финалда “аждарлар”га рақиб бўладиган жамоа Баҳрайннинг “Ал-Муҳаррақ” жамоаси бўлади. Финал учрашуви эртага 5 ноябрь куни “Ал-Муҳаррақ” стадионида бўлиб ўтади.

Жамшидбек Маҳмудов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг