Рус қуролларида кўплаб Хитой компонентлари аниқланди. Бу нимани англатади?
Олам
−
14 Апрель 2023
12650Украинада қўлланилаётган рус қуроллари таркибида Хитойда ишлаб чиқарилган таркибий қисмлар топилмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маъмуриятининг катта маслаҳатчиси Владислав Власиукка таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Жанг майдонидан топилган қуролларда биз турли хил электроникаларни аниқлашда давом этмоқдамиз. Ҳозирги тенденция шуни кўрсатадики, уларнинг таркибида Ғарбда ишлаб чиқарилган компонентлар камроқ, Хитой компонентлари жуда кўп”, деган Украина Президенти аппарати раҳбарининг санкциялар сиёсати бўйича маслаҳатчиси Владислав Власиук.
2022 йил февралида Украинада уруш бошлангандан бери Хитой Россияга ҳарбий техника жўнатганини қайта-қайта рад этиб келади. Бироқ уруш майдонидан топилган далиллар бунинг аксини кўрсатади. Хусусан, украиналик мутахассислар томонидан жанг майдонидан тўпланган разведка маълумотларига кўра, олдинлари Швейцария тизимидан фойдаланган Орлан ҳаво дронлари навигация тизимида Хитойда ишлаб чиқарилган компонентлар топилган.
Шунингдек, мутахассислар авваллари Францияда ишлаб чиқарилган қисмлардан фойдаланган Россия танкларидаги ўт ўчиришни бошқариш тизимида Хитойга тегишли қисмлар топилганини маълум қилган.
“Биз Хитойда ишлаб чиқарилган жуда кўп турли хил нарсаларни йиғмоқдамиз”, дейди Власиук.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса Пекин Россия ҳарбий техникаси учун эҳтиёт қисмлар етказиб берганини яна бир бор рад этган.
“Тарих давомида Хитой барча давлатлар, жумладан, Россия билан тенглик ва ўзаро манфаатлилик асосида нормал савдо ҳамкорлигини йўлга қўйган.
Ҳарбий буюмлар экспортига келсак, Хитой бутун вақт давомида эҳтиёткор ва масъулиятли муносабатда бўлди. Хитойнинг позицияси ва ҳаракатлари доимо шундай бўлган”, дейди Хитой ТИВ матбуот котиби.
Власиукнинг айтишича, Украина баъзи ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларни аниқлаб, бу маълумотларни Ғарб иттифоқчилари билан баҳам кўришга муваффақ бўлган. У Хитойнинг қурол ишлаб чиқарувчиси China North Industries Group (Norinco) ва ҳарбий етказиб берувчи Xinxing Guangzhou Import & Export Co. компанияларини тилга олган, аммо улар нима етказиб берганини ошкор қилмаган.
LiveБарчаси