Рўмолли қизларга тақиқ қўйган университет ходими узр сўради
Жамият
−
07 Апрель 2021
12531Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омонов талабалар билан ўтказган мажлисда ёзиб олинган видео тарқалди. Унда ходим талаба қизларга ўзига хос тақиқ жорий қилган эди. Ушбу воқеадан сўнг университет ходими кенг жамоатчиликдан узр сўради.
“Бу ерда кўпчиликни қизиқтираётган савол шуки, мени бу ишларни бажаришга ҳеч ким мажбур қилмаган. Бирор ташкилот ёки [университет] раҳбарияти томонидан топшириқ бўлмаган. Бунга сабаб менинг ёш кадр сифатида касбий профессионаллик малакамнинг етишмаганидан деб биламан. Шунинг учун мана шу хатога йўл қўйдим. Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман. Видеодаги жараён ва жамоатчлик фикридан сабоқ олганим шу бўлдики, мен хато қилдим ва буни тан оламан.
Шу ерда кенг жамоатчилик, мўмин-мусулмон биродарларимиз ва диндошларимиздан ожизона узримни қабул қилишларини сўраган бўлардим”, дейди Равшан Омонов.
Видеодан маълум бўлишича, Равшан Омонов университет ҳудудига ибодат либосида кириш тақиқланишини ва бундай талабаларни дарсга қўйган ўқитувчига ҳам чора кўрилишини айтиб ўтган.
“Университет ҳудудига ибодат либосида кириш тақиқланади. Уларни дарсга қўйган ўқитувчига ҳам чора кўрилади. Ташқарида қандай юришингиз ўзингизнинг ихтиёрингизда, лекин университет ҳудудига кирганингизда рўмолни орқа тарафдан ўрашга мажбурсизлар. Агарда университетнинг қонун-қоидаси сизларга маъқул келмаса, олийгоҳ билан шартномани бекор қилиб, шунга йўл берадиган бошқа ОТМга ўтишингиз мумкин”, деган декан ўринбосари.
Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Равшан Омонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида ушбу ҳолатни изоҳлаган ва кўп вақт ўтмай постни ўчириб ташлганди.
“Аввало ризқ Аллоҳдан. Бу университет ички тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддаси талаби бўйича кечки таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс талабалари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган, холос. Лекин, ҳеч бир талабага мажбурий равишда бу талабларга бўйсуниш шарти қўйилмаганини маълум қиламан. Қолаверса, ҳеч ким қизларнинг рўмол ўрашига қарши эмас. Мен топшириқ ижрочисиман. Яъни ички тартиб-интизом ва кодексни мен ишлаб чиқмаганман”, деб ёзган Омонов.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь