Руҳоний оиласидан чиқиб, канцлер бўлган Меркель ёхуд ижарада яшайдиган “Германия онаси”
Таҳлил
−
03 Октябрь 2021
25184“Ким ўз ҳаётини сиёсатга бағишлашга қарор қилган бўлса, пул ишлаш биринчи даражали вазифа эмаслигини билсин.”
Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель
Яқин кунларда, Германия сиёсий доирасида катта ўзгаришлар бўлади. Европанинг энг бой давлатини 16 йил давомида бошқариб келган Германиянинг биринчи аёл канцлери Ангела Меркель ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди. Канцлер хоним янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда. Меркель нима учун кетаётгани ва унинг ўрнини ким эгаллаши мавҳумлигича қолмоқда.
Ангела Меркель бошқа давлат лидерларига қараганда ўзгача турмуш кечиради. У оддий инсонлар каби камтарона кийинади. Ҳашаматли қасрда эмас, балки ижарага олинган оддийгина уйда яшайди. Ҳа, Меркель хоним ноодатий имиж соҳибаси. Балки шунинг учун ҳам германияликлар уни севишар. Бугунги мақоламизда Ангела Меркелнинг болалик даври ҳамда сиёсатдан ташқаридаги ҳаёти ҳақида сўз юритамиз.
Меркелнинг болалиги
Ангела Меркель 1954 йил 17 июль куни Германиянинг Гамбург шаҳрида туғилган. Меркель туғилганидан бир неча ҳафта ўтиб, унинг оиласи Гамбургдан, Германия Демократик Республикасига кўчиб ўтади. ГДРда Меркелнинг отаси черков руҳонийси, онаси эса лотин ва инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Канцлер хонимнинг оилада бир укаси Маркус ва синглиси Ирена бўлган.
Бўлажак раҳбар 1961 йилда Темплин политехника мактабининг биринчи синфига ўқишга боради. Унинг синфдошлари ва ўқитувчиларининг хотираларига кўра, у кўзга кўринмас, лекин мослашувчан қиз бўлган. Меркель мактаб йиллари Эркин немис ёшлар иттифоқига аъзо бўлади. У 1973 йилда мактабни аъло баҳога тамомлаган. Мактабни битиргач, Меркель Лейпцигдаги Карл Маркс университетининг физика факультетига ўқишга киради. У ўзининг “Merkel, Macht, Politik”, номли китобида талабалик даврини шундай эслайди:
“Ўқишдан бўш вақтимда барда барменлик қилганман. Ҳар бир сотилган стакан учун ўттиз пфен олар эдим. Мен ҳафтасига 20 маркадан, 30 маркагача пул топардим, бу ижара ҳақини тўлашга етадиган маблағ эди”.
Илк турмуш
1974 йил ўқиш вақтида, Меркель Москва ва Ленинграддан келган талабалар билан учрашади. Учрашув вақтида Ангела биринчи эри Ульрих билан танишган. Кейинчалик бу танишув никоҳ билан якунланди. Уларнинг тўйи 1977 йил 3 сентябрь куни Темплин черковида бўлиб ўтади. Бўлажак канцлер Ульрих билан тўрт йил давомида бирга яшайди. Ўртада фарзанд бўлмагани учун икки ёш ажралишга мажбур бўлади. Меркелнинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Ўртамизда севги бўлган, дея олмайман. Атрофдаги ҳамма турмуш қураётгани учун биз ҳам никоҳдан ўтганмиз”.
1978 йилда Меркель диплом ишини аъло баҳога топшириб, Берлинга кўчиб ўтади. Бу ерда у фанлар академияси қошидаги физика-кимё институтига ишга киради. Институтда ишлаган вақтида Ангела иккинчи эри Иоахим Зауэр билан танишади. Ўн йиллик муносабатлардан сўнг, улар 1998 йилда турмуш қуради.
Канцлерлик лавозими Меркелни қанчалик ўзгартирди?
Ангела Меркель 2005 йилда илк бор канцлер этиб сайланган вақтда турмуш ўртоғи билан Берлин шаҳрида ижара уйида яшаган. Қизиғи, Меркель федерал канцлер учун ажратилган махсус уйга кўчиб ўтишни инкор этган. Бу қарор кўплаб инсонларни ҳайрон қолдириб, унга нисбатан ҳурматни уйғотди. “Темир фрау”дан олдинги канцлер Герхард Шрёдер умумий майдони 200 квадрат метр бўлган хизмат уйида яшаган. Меркель ва унинг турмуш ўртоғи ҳозирда ҳам Берлин шаҳридаги Шпрее дарёси бўйидаги “Am Kupfergraben” кўчаси, олтинчи турар жой биносининг тўртинчи қаватида ижарада яшайди.
Ҳар куни Меркелнинг уйи ёнида полиция гуруҳи навбатчилик қилади. Лекин, уйнинг олди ҳеч қачон тўсиқлар билан ўралмаган. Бир куни уйининг ташқи кўринишини усталар тамирлашмоқчи бўлишганда бунга Меркель рад жавобини бериб, шундай дейган:
“Ҳамма менинг қаерда яшаётганимни билади”.
Меркелнинг қишлоқда уйи ҳам бўлиб, у Берлиндан юз километр узоқликда Бранденбург шаҳри яқинидаги “Hohenwald” қишлоғида жойлашган. Одатда Меркель ва Иоахим Зауэр бу ерга дам олиш кунлари келишади.
Канцлер хонимнинг шахсий ҳаётида уйғунлик ҳукм суради. Меркель ва Иоахим Зауэр ҳар доим бирга нонушта қилишини ва дам олиш кунлари улар биргаликда операга боришни яхши кўрадилар. У кўпроқ пиёда юришни ёқтиради.
Ижтимоий тармоқларда Меркелнинг ўзи дўконда озиқ-овқат харид қилаётган расмлари кенг тарқалган. Баъзилар бу расмларни кўриб, суратдаги Германиянинг биринчи рақамли аёли эканлигига шубҳа қилишади. Ҳақиқатан ҳам канцлер хоним шахсан ўзи дўконга боришни яхши кўради, лекин яқин атрофда бир неча қўриқчи доимо уни кузатиб туради.
Бир йили Меркель таътилни ўтказиш учун Италияга учади. Канцлер ўша вақтда ҳукумат самолётидан фойдаланмасдан, оддий авиакомпаниядан чипта сотиб олган. Қизиғи, Меркель норасмий учрашувларга ўз ҳисобидан авиачипта сотиб олади.
Канцлер хоним нималарга қизиқади
Ангела Меркель фақатгина сиёсат бобида эмас, балки пазандаликда ҳам устаси фаранг. У бир неча бор ошпазлик теледастурларига келиб, ўзи севган таомларини тайёрлаб берган. Шунинг учун германияликлар уни Мутти (немисчада – она), деб аташади.
“The Telegraph” газетасининг ёзишича, Меркель лечо салатини, кабоб, картошкали шўрва ва фарел балиғини пиширишни ёқтирар экан. Канцлер хоним тунда тўрт соат ухлайди ва бу унинг иш фаолиятига салбий таъсир қилмайди.
Меркель футболни яхши кўради. У кўп маротаба футбол мусобақаларида қатнашган. 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг финал ўйнидан сўнг, Меркель Германия терма жамоаси футболчиларини ғалаба билан табриклаш учун кийиниш хонасига кирган.
2012 йилнинг май ойида Ангела Меркелнинг иш ҳақи 7 йил деганда биринчи марта ошади. Меркель Германия ҳукумати раҳбари сифатида йилига 300 минг евро маош олади. Канцлер хоним таътилини Тирол ўлкасидаги тоғ ёнбағирларида ўтказишни яхши кўради ва у бунинг учун ўз чўнтагидан пул сарфлайди.
Ангела Меркель олифтанамо кийинишни ёмон кўриб, камтарона имижни ёқтиради. Унинг одатий кийимлари ҳар хил рангдаги расмий костюмлар. У кийимларни ўз ҳисобидан сотиб олади. Меркель ҳақида яна бир қизиқарли факт, у заргарлик буюмларини умуман ёқтирмайди ва атирдан фойдаланмайди.
Машҳур немис дизайнери Карл Лагерфельд Меркелнинг АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама билан учрашув вақтида кийган кенг шимини танқид қилган. Канцлер хоним бу танқидга парво ҳам қилмай бир мунча вақт ўтгач, яна ўша шимда омма олдида чиқиш қилган. Кўплаб сиёсатчилар “Меркель ўз сочига меҳр бермайди”, деб ўйлашади. Бироқ, Меркель сочларига бефарқ эмас. Машҳур стилист Удо Вальс канцлер хонимнинг сочларини парвариш қилади.
“Forbes” журнали Ангела Меркелни 2006, 2007 ва 2008 йилларда “дунёдаги энг қудратли аёл”, деб топди, 2006-2007 йилларда “Time” журнали Германиянинг федерал канцлерини дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига киритди. 2009 йилги парламент сайловида Меркел партияси 49,4 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонди ва Ангела Меркель канцлерлик лавозимида қолди
Меркель қандай автомобилда юради
Германиядаги кўплаб федерал вазирлар Mercedes-Benz ёки BMW русумли зирҳли лимузинларда юришади. Лекин, Меркель ўзи учун Audi А8 автомобилини танлаган.
Канцлер хоним қимматбаҳо яхталарга ёки дам олиш учун ҳашаматли саройларга эга эмас. У оддий инсонлар каби ҳаёт кечиришни ёқтиради. Ҳа Меркель бошқа лидерларга қараганда ўзгача. Шунинг учун бўлса керак кўплаб германияликлар уни севиб “Германия онаси”, деб аташади. Меркель оддий черков руҳонийси оиласида дунёга келиб, дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирининг раҳбари даражасига эришди. У Германияни Европадаги биринчи давлатга айлантирди ва тарихга кирди.
QALAMPIR.UZ Ангела Меркель фаолиятини ёритишда давом этади. Кейинги мақоламизда “Германия онаси”нинг сиёсат майдонига кириб келиши ҳамда у юритган сиёсат ҳақида маълумот берамиз.
LiveБарчаси