Россиянинг яна 8 минтақасида мигрантларга 2 та соҳада ишлаш тақиқланади
Олам
−
12:24 630 2 дақиқа
Россиянинг саккизта минтақасида 2027 йилда мигрантларнинг такси соҳасидаги иши чекланади, Калуга вилоятида эса уларни курьерлик фаолиятига жалб қилиш ҳам тақиқланади. Бу ҳақда Россия Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги томонидан тайёрланган хорижий ходимларнинг рухсат этилган улуши тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасида айтилади.
Қайд этилишича, таксичилик учун чекловлар Мордовия, Чувашистон, Татарстон, Удмуртия, Свердловск, Оренбург ва Ульяновск вилоятларида, шунингдек, Яҳудий мухтор вилоятида кўзда тутилган.
Қарорни ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин имзолаши керак.
Лойиҳага илова қилинган материалларда айрим минтақаларда чекловлар жорий этилишига асослар келтирилган. Мордовияда тақиқ зарурлиги авария ҳолатлари статистикаси билан изоҳланмоқда: Республика ИИВ маълумотларига кўра, 2024–2025 йиллар давомида чет эл фуқаролари иштирокида 24 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан олтитаси ўлим билан якунланган.
Йўл ҳаракати қоидалари бузилишидан ташқари, асослантирувчи қисмда такси соҳасидаги ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ҳам тилга олинади. Шунингдек, аниқланган ҳуқуқбузарлар кўпинча тайинланган маъмурий жазоларни ижро этишдан бўйин товлаши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда жорий йилнинг 3 ноябридан бошлаб чет эл фуқароларини мамлакатдан маъмурий тартибда чиқариб юборишга асос бўладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати кенгайтирилгани, хусусан, бундай ҳуқуқбузарликлар сони 22 тадан 45 тага етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси