Россиянинг Украинага “ракета ёмғири” оқибатида 26 киши ҳалок бўлди
Олам
−
20 Ноябрь 3758 2 дақиқа
Россиянинг Тернополга берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 19 ноябрь куни Россия Украинага 48 та ракета ва 476 та учувчисиз самолёт билан ҳужум қилган. Ҳужумда 40 та Х-101 қанотли ракеталари, 7 та “Калибр” қанотли ракеталари ва битта “Искандер-М” баллистик ракетаси иштирок этган. Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари 476 та дронлар, шу жумладан, 300 га яқин “Shahed” учувчисиз самолётларини учирган. Нишонларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган. 7 та ракета ва 34 та ҳужумчи дрон 14 та жойга урилгани, 6 та жойга вайроналар тушгани қайд этилган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, асосий таъсир ҳудуди Львов, Тернополь ва Харьков вилоятлари бўлган. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, Харьковда ўққа тутилиш оқибатида 46 киши яраланган. Россия кучлари Харьковнинг Слободский ва Основянский туманларига 19 та “Геран-2” дрони билан ҳужум қилган. Харьковда 16 та кўп қаватли уй, 31 та енгил автомобиль, гараж кооперативи, тез тиббий ёрдам подстанцияси, супермаркет, иккита троллейбус, нотурар жой, маъмурий бино ва мактаб зарар кўрган. Тернопиль ҳам дрон ва ракеталардан ҳужумга учраган. Ички ишлар вазири Игор Клименкого кўра, 10 киши ҳалок бўлган, 37 киши яраланган. Аммо янгиланган маълумотларга кўра, Россиянинг Тернополдаги кўп қаватли уйларга берилган ракета зарбалари қурбонлари сони 26 кишига етган.
“Россия зарбасидан 26 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Юзга яқин киши жароҳат олди”, дейди Клименко баёнотида.
Шу билан бирга, вазирнинг сўзларига кўра, вайрон бўлган кўп қаватли уйларнинг яна 26 нафар фуқароси ҳануз бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Киев ва Москвани музокараларни қайта бошлашга чақирганди.
Live
Барчаси