Россиянинг Швециядаги элчихонасига дронлар ҳужум қилди
Олам
−
02 июл 3706 1 дақиқа
Россиянинг Швециядаги элчихонаси бугун, 2 июлга ўтар кечаси тунда дронлар ҳужумига учради. Бу ҳақда дипломатик миссия хабар берди.
“Битта квадрокоптер қизил бўёқ тўлдирилган контейнерни ташлаб юборган. Қўлбола портловчи қурилма макети маҳкамланган иккинчи дрон эса бинонинг теварагига, жуда яқин жойга қулаган”, дейилади элчихонанинг Telegram-каналида.
Дипломатлар ушбу ҳужумни шунчаки провокация эмас, балки қўрқитишга уриниш деб атаган. Улар содир бўлган воқеа ва унинг эҳтимолий оқибатлари учун масъулиятни Швеция томонига юклаган.
“Эътиборлиси, Стокгольмда бу каби ҳодисалар тизимли тус олди. Аслида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумларни фақат расмиятчилик учун қайд этиб қўймоқда, холос. Олиб борилаётган тергов ҳали ҳеч қандай натижа бермади”, дейилади элчихона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, дронлардан фойдаланилган бундан аввалги ҳужум ўтган йилнинг ноябрь ойида содир бўлган. Ўшанда жиноятчилар Савдо ваколатхонаси биноси устига бўёқ ташлаб кетган. Дипломатик миссиянинг билдиришича, 2024 йилнинг май ойидан буён Россиянинг Швециядаги хорижий муассасалари 20 га яқин ҳужумга учраган.
Live
Барчаси