Россиянинг 10 вилояти мигрантларнинг ишлашига чеклов киритди
Олам
−
27 Март
59451Россиянинг Новгород вилоятида патент асосида ишлайдиган чет элликлар спиртли ичимликлар сотиши, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаши тақиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тегишли фармонни вилоят губернатори Андрей Никитин имзолаган. Ҳужжатга кўра, хорижий фуқароларга алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланади. Иш берувчилар ушбу тоифадаги ходимларни 26 июнгача ишдан бўшатишлари керак.
Шу билан бирга, тақиқ Россияда яшаш учун рухсатномага эга ёки минтақада вақтинчалик рўйхатдан ўтган ишчиларга, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқароларига таъсир қилмайди.
Ҳужжат вилоятда меҳнат бозорини тартибга солиш, миграция ҳолатини барқарорлаштириш, экстремистик ва террористик жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг тавсияларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.
Илгари мигрантларнинг саноатнинг айрим тармоқларида ишлашини тақиқлаш Челябинск, Магадан, Калининград, Тула, Новосибирск, Тюмен ва Калуга вилоятларида, шунингдек, Ханти-Манси автоном округи – Югра ва Якутияда жорий қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думасининг депутати Михаил Шеремет уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклашни таклиф қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь