Россияликларнинг қанчаси Украина вилоятларини аннексия қилишни маъқуллайди?

Олам

image

Россияликларнинг деярли 80 фоизи Украинанинг Донбасс минтақасида ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР (Донецк вилояти), ЛХР (Луганск вилояти), шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россияга “қўшилиши”ни қўллаб-қувватлайди. “Ижтимоий фикр” жамғармаси ўтказган сўровнома шундай натижа кўрсатди.

Сўровномада Россиянинг 53 та ҳудудидан 1,5 минг киши иштирок этган. Ўрганиш натижаларига кўра, 78 фоиз одам аннексияни қўллаб-қувватлаган, 7 фоизи эса қарши чиққан.

Қолганлари жавоб беришга қийналган ёки фақат баъзи ҳудудларни қўшиб олишга рози эканликларини билдирган.

Қайд этилишича, респондентларнинг 37 фоизи ўзини ўзи эълон қилган ДХР ва ЛХРдаги “референдумлар” ўз вақтида ўтказилга деб, 44 фоизи эса аввалроқ ўтказилиши керак деб ҳисоблаган. 6 фоизи “референдумлар” ўтказилмаслиги кераклигини айтган. 

Сўровнома натижаларига кўра, россияликларнинг 78 фоизи ўзини ўзи эълон қилган республикалардаги “референдумлар” натижалари ушбу ҳудудлар аҳолисининг аксарияти фикрини акс эттиради, деб ҳисоблаган.

Шу билан бирга, респондентларнинг атиги 7-8 фоизи “референдумлар” аннексия қилинган ҳудудлар аҳолисининг аксарияти фикрини акс эттирмайди, деб ҳисоблаган.

Аввалроқ, худди шундай сўров Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган эди. Сўровномада респондентларнинг 75 фоизи ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР, ЛХР, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг аннексия қилинишини ижобий қабул қилишган.

Шунингдек, россияликларнинг 77 фоизи “референдумлар” жиддий қонунбузарликларсиз ўтган деб ҳисоблаган бўлса, 11 фоизи бунинг акси деб ҳисоблаган.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг