Россиялик генерал “катта”ларни танқид қилганидан кейин ишдан бўшатилди

Олам

image

Россия Мудофаа вазирлиги генерал-майори Иван Попов Украина урушидаги оғир вазият ҳақида гапиргани сабабли вазифасидан озод этилганини даъво қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, 58-умумқўшин армияси қўмондони, генерал-майор Иван Попов ўзининг Telegram-каналига Давлат Думаси депутати Андрей Гурулёвга тегишли экани айтилган овозли хабарни жойлаштирган. Унда Иван Поповнинг ишдан бўшатилгани эълон қилинади.

Мазкур овозли хабарга нисбатан Россия Мудофаа вазирлиги ҳеч қандай изоҳ бермаган. Бундан ташқари, аудионинг ҳақиқийлигини телширишнинг ҳам иложи бўлмаётгани айтилмоқда.

Дума депутати Гурулёв Россия Жанубий ҳарбий округи собиқ қўмондони ўринбосари ва ўта қатъий позиция тарафдори бўлган сиёсатчи ҳисобланади. У, шунингдек, Россия давлат телеканалларида мунтазам равишда кўриниш бериб туради.

Вазифасидан олинган генералнинг айтишича, у рост гапни гапиргани учун ишдан олинган.

"Юқори раҳбарият билан қийин вазият юзага келди. Ўшанда ё жим туриш ва қўрқоқлик қилиш ... ёки оқни “оқ” дейиш керак эди... Ҳалок бўлган барча ҳарбий дўстларимиз номидан ёлғон гапиришга ҳаққим йўқ эди, шунинг учун мен армиядаги бугунги кунда мавжуд бўлган барча муаммоли масалаларни айтиб бердим", дейди у.

Поповнинг сўзларига кўра, у Украина томони артиллерия воситасида ўққа тутиши оқибатида россиялик аскарларнинг ҳалок бўлгани, артиллерия снарядларини кузатувчи, уларнинг траэкторияси ва уни отган қуролнинг жойлашувини аниқловчи радар тизимлари ҳамда артиллерия разведкаси учун махсус станциялар йўқлиги масалаларини кўтарган.

"Бу борада, афтидан, юқори раҳбарият менда қандайдир хавф-хатарни ҳис қилди ва тезда, шу куннинг ўзида Мудофаа вазирининг буйруғини чиқартириб, мендан қутулишди. Бизнинг армиямиз Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг олд томонидан ёриб ўтолмади. Катта қўмондонимиз бизнинг ортимиздан пичоқ урди. Хиёнат ва қабиҳлик энг оғир вазиятда армиянинг бошини кесиб ташлади", дея қўшимча қилган Попов.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия генерал танқид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг