Россияга яқин яна бир давлат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши айтилди
Олам
−
25 Март 2022
27395Ҳозирда нейтрал мақомни сақлаб турган Финляндия яқин орада Шимолий Атлантика альянсига (НАТО) қўшилиш учун ариза бериши мумкин. Бу фикрни Финляндиянинг собиқ Бош вазири Александр Стубб DW нашрига берган интервьюсида билдирди.
“Мен Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришини башорат қиламан”, деган у.
Вазирлар Маҳкамаси собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, бу, катта эҳтимол билан бир неча кун ва ҳафталарда эмас, балки “бир неча ой”да содир бўлади.
Стуббнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш фонида Финляндияда жамоатчилик кайфиятида туб ўзгаришлар юз берди.
“Аввал респондентларнинг 50 фоизи қўшилишга қарши бўлиб, 20 фоизи ёқлаган бўлса, ҳозир 62 фоизи ёқлаб, 16 фоизи қарши чиқди”, деган у.
Собиқ Бош вазирнинг эслатишича, бундай қарор қабул қилиш учун масала парламентдан ўтиши керак.
“Охир-оқибат биз НАТОга аъзо бўламиз”, дейди у.
Александр Стубб 1995 йилдан бери бундай сценарий тарафдори бўлганини эслаган. Собиқ Бош вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат 1939-1940 йиллардаги совет-фин уруши давридагидек яна “ёлғиз қолишни” истамайди.
“Шунинг учун аҳоли НАТОга аъзо бўлиш тарафдори”, дея хулоса қилган у.
Аввалроқ, Финляндия Президенти Саули Ниинистё мамлакат расмийлари Украинадаги воқеалар туфайли дунёда вазият ўзгарган деб ҳисоблагани учун НАТОга аъзолик масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилганди.
Шунингдек, у Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси Европада кескинлашувнинг “жиддий хавфини” олиб келишини таъкидлаганди.
LiveБарчаси