Россияга Марказий Осиё нега керак? Яқинлашув ортида мустамлакачилик концепцияси борми?
Олам
−
05 Май 2022
19865Россия барча давлатлар, айниқса, қўшни республикалар билан яхши ва конструктив муносабатларни сақлаб қолишдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бугун, 5 май куни “Российская газета”да чоп этилган мақоласида айтилади.
"Халқаро ҳамжамиятнинг ҳар қандай масъулиятли аъзоси каби Россия ҳам барча, лекин биринчи навбатда чегарадош ва қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва конструктив ҳамкорликни сақлаб қолишдан, хайрихоҳ ташқи муҳитдан манфаатдор. Шу муносабат билан биз Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан стратегик шериклик, кўпчилик билан эса иттифоқчилик муносабатларига эга эканимиздан қувонмай иложимиз йўқ”, дейди вазир.
Лавров дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Москва Марказий Осиё давлатлари билан бой тадбирлар дастурини амалга ошираётганига эътибор қаратди.
"Ўтган йиллар давомида биз узоқ йўлни босиб ўтдик. Биргаликда иш олиб боришда биз доимо халқларимизни бирлаштирган тарихий дўстлик ришталарига, ўзаро қўллаб-қувватлаш, ишонч ва ҳурматнинг бой анъаналарига таяндик", дея қўшимча қилган у.
Россия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалар “геосиёсий вазиятнинг тебранишларидан” қатъи назар, жадал ривожланмоқда.
"Минтақанинг деярли барча давлатлари билан товар айирбошлаш ўсиб бормоқда. Унинг таркибини хомашёдан ташқари саноат товарлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, нефт-кимё, фармацевтика, металлургия, автомобилсозлик ва машинасозлик соҳалари ташкил этади", дейди ташқи идора раҳбари.
ЕОИИ доирасидаги имтиёзлар
Лавровнинг таъкидлашича, ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиши, товар, капитал ва хизматлар ҳаракати йўлидаги тўсиқларнинг олиб ташланиши ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзолари учун бошқа сезиларли манфаатлар уюшмани Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун жозибадор қилади. Дипломатик идора раҳбари таъкидлашича, ҳозирда ЕОИИ мамлакатлари таркибига Марказий Осиёнинг иккита давлати – Қозоғистон ва Қирғизистон киради.
“2020 йилдан буён Ўзбекистон иттифоқ ишида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Тожикистон ва Туркманистон иттифоқ фаолиятига қизиқиш билдирмоқда. Биз Евроосиё интеграциясининг кучайиб бораётган жараёнлари ҳам амалий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшишга чақирилганидан келиб чиқамиз”, дейди мамлакат ташқи сиёсати векторини 18 йилдан буён белгилаб келаётган 72 яшар Лавров.
Вазирга кўра, ЕОИИнинг жозибадорлиги “унинг иштирокчилари учун сезиларли фойда” билан боғлиқ.
“Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, товар, капитал, хизматлар, меҳнат ресурслари ҳаракати йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш. Иттифоқ доирасида иқтисодиётнинг асосий тармоқларида мувофиқлаштирилган ва ягона сиёсат таъминланмоқда, электроэнергетика, нефть ва газ учун умумий бозор яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, деб ёзади вазир.
Геосиёсий кураш учун арена
Лавровнинг айтишича, Россия Ғарбдан фарқли ўлароқ, Марказий Осиёни геосиёсий қарама-қаршилик минтақаси деб ҳисобламайди.
“Баъзи Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Россия Марказий Осиё минтақасини "Буюк ўйин"нинг мустамлакачилик концепцияси руҳида геосиёсий қарама-қаршилик майдони деб ҳисобламайди. Шу муносабат билан биз минтақалараро интеграция кучайиб бораётганини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини фақат олқишлаймиз”, дейди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг минтақа давлатлари билан муносабатлари уйғун, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли сифатида тавсифланади ҳамда “ХХI асрда давлатлараро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилиши кераклигининг ёрқин намунасидир”.
Унинг сўзларига кўра, Москва ва унинг марказий осиёлик ҳамкорлари ўзаро бойитувчи ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш тарафдори бўлиб қолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь