Россиядан айблов: Газ қувурларидаги портлашда Британиянинг “қўли бор”
Олам
−
29 Октябрь 2022
8574Украина Қуролли Кучлари Денгиз операциялари бўйича 73-махсус маркази ҳарбийларини Севастополдаги терактга тайёрлаётган Британия ҳарбий-денгиз кучлари мутахассислари “Шимолий оқим” газ қувурларини портлатишда қатнашган. Бугун, 29 октябрь куни Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги шундай иддао билан чиқди.
“Мавжуд маълумотларга кўра, Британия ҳарбий-денгиз кучларининг ушбу бўлинмаси вакиллари жорий йилнинг 26 сентябрь куни Болтиқ денгизида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” газ қувурларини бузиш мақсадида террорчилик ҳаракатини режалаштириш, таъминлаш ва амалга оширишда иштирок этган”, дея Британияни айблаган Россия.
Россия Мудофаа вазирлигининг исбот келтирилмаган маълумотларига кўра, терактга тайёргарлик кўриш ва украиналик ҳарбийларнинг 73-Денгиз операциялари махсус марказининг машғулотлари Николаев вилоятининг Очаков шаҳрида британиялик мутахассислар раҳбарлигида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир неча соат ичида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2”га қувурида тўртта газ сизиш нуқтаси аниқланди. Улардан биринчиси Даниянинг Борнхольм ороли яқинидаги “Шимолий оқим-2”да аниқланган. Кейин “Шимолий оқим”да иккита сизиш қайд этилди. Дания энергетика агентлиги денгизга катта миқдорда газ тушгани ҳақида хабар берди. Сўнгги тўртинчи сизиш нуқтаси Швеция ҳудудида топилди. Самолётлар ва кемаларнинг ҳодиса содир бўлган жойга беш денгиз милидан яқинроқ келиши тақиқланди.
Европа Иттифоқи расмийлари “Шимолий оқим”га атайлаб зарар етказилганини айтмоқда. Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар газ сизиб чиққан ҳудудда сув ости портлашларини қайд этган.
Ҳодисаларни Германия, Дания ва Швеция текширмоқда. Немис махфий хизматлари бу ғаввос ёки сув ости кемасидан фойдаланган ҳолда саботаж бўлган деб гумон қилмоқда. Уларнинг фикрича, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар абадий яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин эса “Шимолий оқим”лардаги носозликни “англ-сакслар” қасддан уюштирганини айтиб чиқди. Аммо англ-сакслар деганда кимни назарда тутаётганини аниқ айтмади.
LiveБарчаси