Россиядаги ўзбекистонликларга бир марталик ёрдам пули берилади
Жамият
−
13 Май 2020
22882Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси “Меҳр” лойиҳасини ишга туширди. Унга кўра, Россиядаги ёрдамга муҳтож ўзбекистонликларга бир марталик ёрдам пули берилади.
"2020 йил 14 майдан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Элчихонаси ва Россия ҳудудларидаги бош консулхоналари Элчихона очган хайрия ҳисоб рақамига келиб тушган маблағлар ҳисобидан, Россия Федерациясида бўлиб турган ҳамда CОВИД-19 вируси пандемияси сабабли жорий қилинган карантин ва чеклов чоралари туфайли оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бир марта бериладиган моддий ёрдамни тўлаб беришни бошлайди", дейилади Элчихона хабарида.
Маълум қилинишича, бир марталик моддий ёрдам Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тўлаб берилади:
– Ногиронлар (тегишли тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда);
– Қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган аёллар (зарур тасдиқловчи ҳужжатлар, масалан, боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, тиббиёт муассасидан маълумотнома тақдим этгилган ҳолда);
– COVID-19 вируси тасдиқланган шахслар (тегишли тасдиқловчи ҳужжат асосида);
– Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар (ўқиш жойидан тегишли маълумотнома асносида).
Мазкур ёрдам Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда бир марталик пул маблағини тўлаб бериш шаклида амалга оширилади. Молиявий ёрдамни олиш учун Элчихона томонидан махсус ишга туширилган ўзбек ва рус тилларидаги “мехр.рф” электрон портали орқали мурожаат юбориш лозим.
Элчихона хабарида ушбу лойиҳани молиялаштиришда ёрдам берганларга, хусусан, Алишер Усмоновга миннатдорчилик ўтилган.
"Элчихона хайрия банк рақамига молиявий маблағлар ўтказган ҳомийлар ва шерикларимизга миннатдорлик билдирамиз. Ватандошимиз, таниқли тадбиркор ва ҳомий Алишер Усмоновга у кўрсатган кенг кўламли ёрдами учун алоҳида миннатдорлик изҳор этамиз", дейилади Элчихона хабарида.
Шунингдек, эҳтиёжманд фуқароларга молиявий маблағларни ажратиш жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Элчихона ҳар ҳафта ўз расмий сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тегишли ҳисоботлар эълон қилиб борилиши таъкидланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь