Россиядаги ўзбекистонликлар урушга боришдан огоҳлантирилди
Олам
−
16 Октябрь
4174Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди. Бу ҳақда Бош консулхона матбуот хизмати хабар берди.
Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтган.
Шунингдек, Бош консулхона фуқароларни Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар орасида интернетдаги эълонлар орқали катта пул эвазига маҳсулотни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш бўйича муаммолар юзага келаётгани сабабли курьер бўлиб ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилганди.
LiveБарчаси