Россиядаги мигрантлар учун янги хавф
Таҳлил
−
18 Октябрь
25392Россияда миграция соҳасида бир қанча кескин ўзгаришлар бўлмоқда. Масалан, Россияда эндиликда мигрантларнинг мамлакатга эркин кириши тақиқланиши мумкин. Эндиликда Меҳнат ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича амалдаги тизимни ислоҳ қилиш вариантлари ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Меҳнат вазири Антон Котяков “Ведомости” нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Вазир ўз интервьюсида Россия мигрантлар учун эркин киришни тақиқлаши ва янада “цивилизациялашган модель”ни қўллаши мумкинлигини таъкидлаган.
Бу модель билан Россия ҳукумати мамлакатга маълум соҳада ишлаш учун келиб, ёлланиб, иш ўрганиб, кейин умуман бошқа йўналишга ишга ўтиб кетадиганларга қарши курашмоқчи. Котяковнинг фикрига кўра, амалдаги модель бизнес учун маълум хавф туғдиради, чунки иш берувчилар мигрантларни ўқитиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш харажатларини ўз зиммаларига олади. Бироқ улар ишчи ўз мажбуриятларини бажаришига ва бошқа ишга, масалан, қурилиш соҳасидан хизмат кўрсатиш соҳасига ўтиб кетмаслигига кафолат ололмайди.
Вазирга кўра, “цивилизациялашган модель” ташкил этилганда мигрантлар ёлланма тизим асосида ишлайди. Бу ҳолда ўқитиш, тиббий кўрик ва ҳужжатларни тайёрлаш мигрантнинг мамлакатида амалга оширилади. Шу орқали иш берувчи кафолат олади ва чет элдан таклиф қилинган ходимлар учун жавобгарликни давом эттиради.
“Келажакдаги ишчи ва иш берувчи ўртасидаги молиявий муносабатларнинг аниқ, тушунарли қоидалари шаклланиши керак. Масалан, агар компания харажат қилса, ишчи ишдан бўшаган тақдирда бу суммани қайтариш мажбуриятига эга бўлиши зарур”, деди Котяков.
Вазирнинг таъкидлашича, ташкил этилган ёллаш тизимида асосий эътибор малакали кадрларга қаратилади. Шу билан бирга, мамлакатга паст малакага эга ишчилар ҳам киришига рухсат берилади, чунки иш берувчиларда уларга ҳали ҳам талаб мавжуд.
Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ва “hh.ru” томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Россияда мигрантларни ёллайдиган компанияларнинг 50 фоиздан ортиғи хорижий ишчи кучи етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Иш берувчилар учун асосий муаммо – бозор талабларига мос келадиган мутахассисларнинг йўқлиги. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг қарийб 20 фоизи меҳнат миграцияси чекловлари билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келганини билдирган.
Шунга қарамай, Россия ноқонуний деб топилган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишни бошлади. Масалан, жорий йилнинг 12 октябрь куни Москва шаҳри Домодедово аэропортида мигрантларнинг оммавий депортацияси бўлиб ўтди.
Гувоҳлар юзга яқин чет эл фуқароларининг Домодедово аэропортида депортация қилинаётганини видеога олган. Ниқобли хавфсизлик ходимлари қўлларини юқорига кўтарган ҳолда эркаклар ва аёллардан иборат мигрантларни жўнаб кетиш майдонига олиб кирган.
Депортация қилинаётган мигрантлар қайси давлат фуқаролари экани ҳақида маълумотлар очиқланмаган.
“Российская газета” нашрига кўра, эндиликда рус тилини билмаган мигрантлар ҳам Россиядан чиқариб юборилиши мумкин. Леонид Слуцкий бошчилигидаги Россия Либерал-демократик партияси (ЛДП) вакиллари Давлат думасига шу бўйича тегишли қонун лойиҳасини киритган. Унга кўра, рус тилини билмайдиган мигрантнинг ватанига кетиши учун маблағи бўлмаса, у ўз мамлакатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ҳисобидан депортация қилинади.
“Бизга фақат талаб юқори бўлган, тилимиз ва мамлакатимиз тарихини ўрганишга ҳаракат қилган мутахассислар келиши лозим. Россияга алдов йўли билан келиб, жиноятчилик билан шуғулланаётган ва ўзига ҳужжатлар сотиб олганлар бюджетимизга зарар етказмасдан зудлик билан депортация қилинсин”, дейди Слуцкий.
Либерал-демократик партиядан сайланган депутат Владимир Сипягин ҳам мазкур қонун лойиҳасини маъқуллаган.
“Мигрантларнинг фарзандлари тил билмай мактабга қандай боришини кўряпмиз, чунки уларнинг ота-оналари Россияга алдов йўли билан кириб, ярим қонуний фаолият олиб бормоқда ёки мамлакатда қолиш учун ҳужжат сотиб олган. Уларни, албатта, депортация қилиш керак. Ушбу миграциянинг кулранг каналини, шу жумладан, қонунчилик йўли билан ҳам беркитиш керак”, дейди депутат.
Шундай қилиб, Россияда жорий йил якунигача миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкин.
Россия Давлат Думасининг раиси Вячеслав Володинга кўра, 2025 йилнинг март ойида миграция сиёсати бўйича ҳатто ҳукумат соати муҳокамаси ҳам ўтказилади. Бу таклиф 16 октябрь куни Давлат Думаси Кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади.
Мазкур қонун лойиҳалари қуйидаги таклифларни ўз ичига олади:
-
Агар Россияда ноқонуний бўлиб турган мигрант жиноят содир этса, бу жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб тан олинади ва кўпроқ жазо олади;
-
Ноқонуний миграцияни ташкил этиш оғир жиноят деб белгиланади;
-
Миграция соҳасида ноқонуний хизматлар таклиф қилувчи сайтлар судсиз блокланади;
-
Ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сохта рўйхатга олиш учун жазо кучайтирилади;
-
Воситачиларга рус тилини билиш бўйича имтиҳонларни ўтказишни тақиқланади.
Жорий йилнинг октябрь ойи бошида Володин парламентнинг қуйи палатасига киритилган бешта миграция билан боғлиқ қонун лойиҳасини 2024 йил охиригача қабул қилишга ваъда берган. Давлат Думаси раисининг сўзларига кўра, ушбу ташаббуслар кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. У қонун лойиҳаларининг мақсадини миграция соҳасида тартиб ўрнатиш деб атаган.
Россия Ички ишлар вазирининг миграция сиёсатини назорат қилиш бўйича биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги Александр Горовойнинг маълум қилишича, бугунги кунда Россияда 739 минг ноқонуний мигрант мавжуд ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил қилади. Мамлакатдаги умумий мигрантларнинг 9 фоизи ноқонуний мигрантлар ҳисобланади. Уларнинг умумий сони 739 мингга яқин ва сўнгги тўрт-беш йил ичида бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган. Россияда ўз фуқаролари сони бўйича биринчи ўнталикка эса Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон киради.
Аммо ўзбекистонлик мутахассислар Россия борган сари ўзининг миграция жозибадорлигини йўқотаётгани ва бу унга яқин келажакда қимматга тушиши мумкинлигини айтмоқда. Масалан, сиёсатшунос Шуҳрат Расул яқин йилларда меҳнат миграцияси Россиядан Украинага кўчиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
“Россияда объектив иқтисодий муаммолар юзага келмоқда. Бу иқтисодий муаммолар, энг аввало, уларнинг ўз биродар халқи украинларга босим уюштиргани туфайли баттар оғирлашмоқда. Россияда мигрантлар камайишининг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, иқтисодий муносабатлардаги қийинчиликлар – пул топиш муаммоси, ишнинг камайиб кетаётгани. Иккинчидан, уларнинг биздек давлатларга “олакўз” билан қараётгани. Катта эҳтимол билан келаси йилнинг охирига бориб уларнинг миллий валютаси девальвацияга учрайди. Долларга нисбатан Россия рубли кескин қадрсизланади. Ўшанда нафақат ўзбекистонликлар, балки Марказий Осиё халқлари учун пул ишлаб топиш имконияти жуда оғирлашади. Табиийки, бундай қисмат на ўзбекларни, на тожик, қирғиз, қозоқларни Россияга боришга ундайди. Менинг фикримча, уруш тугагандан кейин Марказий Осиёдаги меҳнат миграциясининг катта қисми айнан Украинага қараб кетади. Украинага Ғарбий Европа давлатлари қурилиш режасини таклиф қилади, Украина жуда катта иқтисодий кўмак олади. Мамлакатнинг Россия бомбалари ортидан йўқ бўлиб кетаётган 100 дан ортиқ шаҳарлари қайтадан қурилади. Украина сайёранинг энг катта қурилиш майдонига айланади”, деди Шуҳрат Расул.