Россиядаги инфляция Ўзбекистонда нархларга қандай таъсир қилиши маълум бўлди

Жамият

image

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Россиядаги инфляциянинг Ўзбекистондаги инфляцияга таъсирини таҳлил қилишди.

Экспертлар фикрича, Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ташқи савдосининг қарийб 18 фоизи Россиянинг ҳиссасига тўғри келади. Россиядаги инфляция натижасида мамлакат импорт қилинадиган товарлар ва хизматлар нархининг қимматлашиши Ўзбекистондаги инфляция даражасига таъсир кўрсатади.

2021 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 10 фоизни ташкил қилди. Бунда Россияда инфляция даражаси (2021 йилда 6,7 фоиз) Ўзбекистонда инфляциянинг 0,78 фоиз бандга ошишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, Россиядан импорт қилинадиган хомашё товарлари нархлари ўсиши Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш харажатларининг 0,6 фоиз бандга ошишига олиб келган (тармоқлараро ўзаро таъсирлардан ташқари тўғридан-тўғри таъсир ҳисобга олинган).

Шунингдек, Туркиядан фарқли равишда (Bloomberg маълумотларига кўра, 2022 йилда турк лирасининг девалвацияси 60,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда), бу йил рубль қадрининг заифлашиши (девалвацияси) эмас, балки унинг мустаҳкамланиши кутилмоқда. Йил давомида рублнинг АҚШ долларига нисбатан курси 74,29 рублдан 60,20 рублгача мустаҳкамланди. Бундай шароитда Россиядаги инфляция даражаси Ўзбекистонда нархлар барқарорлигига Туркиядаги нархларнинг кўтарилишига қараганда кўпроқ босим кўрсатади.

Қайд этилишича, 2022 йилда Россияда рубль қадрининг 28,4 фоизга ортиши ҳамда инфляция даражасининг 21,3 фоизга етиши кутилаётганлигини ҳисобга олинса, Россия товарлари жаҳон бозорига 69,41 фоиз қимматроқ чиқиши мумкин (Туркияда – 1,8 фоиз). Бунинг оқибатида 2022 йилда Россияда нархлар ошишининг Ўзбекистонга таъсири 6 фоиз пунктгача етиши мумкин. Бу хавфнинг сабаби, шунингдек, Ўзбекистоннинг умумий импортида Россиянинг улуши (2021 йилда 21,4 фоиз) Туркиянинг улуши (6,7 фоиз) га қараганда анча юқори эканлиги билан боғлиқ.

“Бу омил инфляцияни тезлаштиришдан ташқари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо балансига салбий таъсир кўрсатиши, шусиз ҳам мувозанатлашмаган тўлов балансини янада кучайтириши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса ўз навбатида миллий валюта барқарорлигига қўшимча таъсирни юзага келтиради. 

Масалан, 2021 йилда Ўзбекистон Россиядан умумий қиймати 5,46 миллиард АҚШ долларига тенг маҳсулот импорт қилган. Бу 2021 йил курси бўйича. 402,5 миллиард рублга тенг. Импортнинг ҳажми ва таркиби ўзгаришсиз қолиши тахмин қилинса, бугунги кунда мазкур импорт 8 млрд АҚШ долларига айланади. Экспорт ўзгармасдан қолса, савдо баланси ёмонлашиши мумкин”, дейилади институт таҳлилида.

Маълумот ўрнида, 2022 йил 1 ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Россиядан импорти 2,85 млрд долларни ташкил этган бўлса, экспорт ҳажми 1,22 млрд долларга етди (дефицит – 1,63 млрд доллар).

Таъкидланишича, Россияда нархларнинг ошиши туфайли Ўзбекистонда таннарх инфляциясининг ўсиши биринчи навбатда Россиядан хомашё ва оралиқ маҳсулотларни импорт қилувчиларга таъсир қилади. Боз устига, компаниялар  ушбу ҳисоб-китоблардан янада мақбулроқ қисқа ва ўрта муддатли қарорларни қабул қилишда фойдаланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

инфляция

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг