Россияда яна рейд. 300 дан ортиқ мигрант қўлга олинди

Олам

image

Москва шаҳрининг Наро-Фоминская кўчасидаги ҳостелда ўтказилган рейд чоғида 300 дан ортиқ мигрант қўлга олинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Маълум қилинишича, ушланганлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб борилиб, уларнинг Россияда қонуний яшаётгани ва меҳнат қилаётгани текширилган. 

“Ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, уларнинг Москва вилоятидаги турли ҳуқуқбузарликларга алоқадорлигини ҳам текширади”, дейилади хабарда.

Тергов қўмитаси бу тадбирларни ноқонуний миграцияни ташкил этишга оид дастлабки текширув доирасида ўтказилаётганини даъво қилган, аммо Россия ОАВлари бу ушла-ушлалар собиқ жиноят иши бўйича амалга оширилаётганини ёзади. Текширувлар аҳолининг мурожаатларидан кейин бошланган. Жамоатчилик вакиллари илгарироқ Тергов қўмитаси раисига мурожаат қилиб, Москва вилоятида футболчи ўлимига сабаб бўлган можаро бўйича мигрантлар текширилиши кераклигини сўраган. 

Жиноят жорий йилнинг 17 август куни Шелково шаҳрида содир бўлган. Унда бир гуруҳ мигрантлар 20 ёшли ҳаваскор футболчи Арсений Ерошевични калтаклаган эди. У оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, бироқ кейинчалик вафот этган. 

Ҳозирда Солнцево туманлараро тергов бўлими мазкур ҳостел фаолияти юзасидан қўшимча текширув олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Москвада профилактик тадбир доирасида қарийб 300 нафар ноқонуний мигрант қўлга олинганди. Қолаверса, июль ойида Санкт-Петербургнинг Адмиралтейский туманидаги собиқ “Қизил учбурчак” заводи ҳудудида ҳам рейд ўтказилиб, хорижлик ишчиларнинг ҳужжатлари текширилган. Умумий ҳисобда 200 мигрант текширувдан ўтказилиб, улардан 15 нафари қўлга олинган ва полицияга топширилган. Уларни мамлакатдан чиқариб юбориш режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг март ойида эса Санкт-Петербург иқтисодий полицияси шаҳардаги “қорабозор”ларда ўтказган рейд чоғида 150 нафардан ортиқ курьер-мигрантни аниқлаган. Полиция маълумотига кўра, уларнинг қарийб учдан бири миграция қонунларини бузган ҳолда ишлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва Наро-Фоминская

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг