Россияда ўзбекистонликлар бангладешликлар билан муштлашди
Олам
−
13 Май 4502 2 дақиқа
Кеча, 12 май куни Россиянинг Ленинград вилояти Киров туманидаги Приладожский қўрғонида жойлашган парранда фабрикасида Ўзбекистон ва Бангладешдан бўлган ишчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Бу ҳақда “47news” хабар берди.
Қайд этилишича, жанжал “Синявинская” парранда фабрикасида юз берган. Муштлашувда қарийб 60 киши иштирок этган. 20 нафар иштирокчига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан етти нафари оғир аҳволда.
Петербург ва Ленинград вилояти бўйича Ички ишлар бош бошқармасининг “Фонтанка” нашрига маълум қилишича, муштлашувдан сўнг энг фаол иштирокчилардан 12 нафари полиция бўлимига олиб кетилган. Расмий хабарда улар 21 ёшдан 39 ёшгача бўлган Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқаролари сифатида кўрсатилган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, низога оғизаки келишмовчилик сабаб бўлган.
“Фонтанка” корхона ижрочи директори билан боғланишга муваффақ бўлган. Бироқ у муштлашув сабаблари, иштирокчилар ва жабрланганлар сони ҳақидаги саволларга жавоб бермасдан, суҳбатни тўхтатган.
Кейинроқ парранда фабрикаси директори журналистларга содир бўлган воқеа “ўрганилаётганини” маълум қилган.
“Ҳозирча изоҳ йўқ”, дейди у.
Ҳозирда воқеа тафсилотлари аниқланмоқда. Полиция жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Уст-Луга посёлкасидаги қурилиш майдонида оммавий муштлашувда иштирок этган Қозоғистон фуқаролари ҳибсга олинган эди.
Live
Барчаси