Россияда урушга қарши чиққан журналист аёлга нисбатан жиноят иши очилди
Олам
−
25 Март 2022
12010Жорий йилнинг 14 март куни Россиянинг “Биринчи канал”и “Время” кўрсатуви эфирида студияга Украинага қарши урушни тўхтатиш ҳақида плакат билан кириб борган муҳаррир Марина Овсянниковага нисбатан жиноий иш очилди. У Россия армиясини обрўсизлантиргани учун 50 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС Москванинг Останкинский судига таяниб, хабар берди.
“Судга Марина Овсянниковага нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.3.3-моддаси 1-қисми (Россия Федерацияси Қуролли Кучларини обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар) бўйича тузилган баённома келиб тушди. У 50 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, мазкур суд журналистни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.2-моддаси 2-қисми (хабар бермасдан оммавий тадбирни ташкил этиш ёки ўтказиш) бўйича айбдор деб топиб, 30 минг рубль миқдорида жарима солган эди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларига кўра, суд уни телевидениедаги ҳаракати учун эмас, аввалроқ рухсат этилмаган намойишларда иштирок этиш учун видеоқўнғироқ қилгани учун жазолаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 март куни кечқурун “Биринчи канал” ходими Марина Овсянникова жонли эфирда урушга қарши плакат билан студияга кириб борди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган.
Россия Украинадаги урушини “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаган ва рус ОАВларига уруш сўзини ишлатишни тақиқлаган. Бунга амал қилмаганлар эса "фейк хабар тарқатиш"да айбланиши мумкин.
Овсянникованинг қизлик фамилияси Ткачук. У 1978 йилда Украинанинг Одесса шаҳрида туғилган. Унинг икки фарзанди бор - 2010 йилда туғилган қизи ва 2004 йилда туғилган ўғли.
LiveБарчаси