Россияда ўлдирилган Қобилжоннинг онасига Тожикистонда уй берилди
Олам
−
23 Декабрь 9848 3 дақиқа
Россиянинг Москва вилоятидаги мактабда ўлдирилган 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафоевага Тожикистонда уй-жой берилди. Бу ҳақда кеча, 22 декабрь куни марҳум бола яшаган уйда бўлиб қайтган Қобилжоннинг қариндошларидан бири “Asia-Plus”га маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, манба уй қандай тартибда ва қачон берилгани борасида батафсил маълумот беришдан бош тортган. “Asia-Plus ”нинг бошқа манбалари ҳам бу маълумотни на тасдиқлаган, на инкор этган.
Қобилжоннинг қариндоши Шерзод Ализода “уй давлат номидан тақдим этилган”, дея маълум қилган, бироқ қайси давлат органи томонидан берилганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, хабардор манбанинг нашрга айтишича, кеча, 22 декабрь куни эрталаб бир нечта юқори лавозимли мансабдор шахслар Қобилжон Алиевнинг хонадонига ташриф буюриб, таъзия билдирган. Аммо қайси мансабдорлар боргани аниқлаштирилмаган.
Уй ҳукумат томонидан ёки пойтахт ҳокимияти томонидан берилгани ҳақидаги саволларга аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган. Қариндошлар, шунингдек, оила ҳозирда маблағ йиғишга муҳтож эмаслигини маълум қилган.
“Ёрдам кўрсатган ва ёрдам бермоқчи бўлган барчага миннатдорлик билдирамиз. Шу билан бирга, жамоатчилик билишини истаймизки, ҳозир биз ёрдамга муҳтож эмасмиз, Қобилжоннинг онаси номига очилган банк ҳисоби ёпилган. Шу сабабли ҳеч қандай банк ҳисоб рақамларига пул ўтказмасликни сўраймиз”, дейди оиланинг қариндошлари.
Қайд этилишича, Қобилжон Алиевнинг қариндошлари чуқур мотамда бўлиб, журналистлар билан батафсил мулоқот қилишдан бош тортган.
Қобилжон фожиаси
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.
Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.
Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.
18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди.
Кейинроқ Қобилжонни қасддан ўлдиришда айбланаётган ўсмир ҳибсга олинди.
Кеча, 22 декабрь куни эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга боланинг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди. Имомали Раҳмон эса Владимир Путинга ушбу иш бўйича олиб борилаётган тергов учун миннатдорлик билдирди.
Live
Барчаси