Россияда совуқда йўлда қолиб кетган ўзбекистонликлар қутқарилди
Олам
−
25 Февраль 10415 1 дақиқа
Кеча, 24 февралга ўтар кечаси Россиянинг Олтой ўлкасида қутқарувчилар томонидан совуқда йўлда қолиб кетган 5 нафар ўзбекистонлик қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олтой ўлкаси бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, улар Бийск шаҳридан Ўзбекистонга йўл олган, бироқ машина Ребриха туманидаги А-321 автомобиль йўлида бузилиб қолган.
Хабар келиб тушгач, уларга 81-ёнғин-қутқарув қисми ходимлари ёрдамга бортган. Бўлинма командири Александр Гардт воқеа жойига тезкор етиб бориб, жабрланганларни Ребриха қишлоғидаги иситиш пунктига эвакуация қилган.
18-отряд бошлиғи ўринбосари Алексей Саенконинг маълум қилишича, қутқарилганларга тиббий ёрдам керак бўлмаган. Уларни олиб кетиш ва автомобилни таъмирлаш учун қариндошлари Новосибирск шаҳридан йўлга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари қор бўронида қолиб кетган уч нафар ўзбекистонликни қутқарганди.
Live
Барчаси