Россияда рус тилини билмайдиган мигрантлардан фуқаролик бўйича аризалар қабул қилинмайди
Олам
−
26 Сентябрь
5799Россия Ички ишлар вазирлиги рус тилини билмаган, лекин айни пайтда тегишли сертификатга эга бўлган 14 минг нафар чет эл фуқаросининг фуқаролик ёки миграция мақоми бўйича аризаларини қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Волк маълум қилди.
Унга кўра, энди рус тилини билмайдиган мигрантлар Россия фуқаролигини ололмайди.
“Рус тилини билмайдиган, лекин айни пайтда тегишли сертификатларга эга бўлган хорижликлар миграция мақоми ва Россия фуқаролигидан маҳрум бўлади”, деди Волк.
Қайд этилишича, шу муносабат билан Россия Ички ишлар вазирлиги уюшган гуруҳларнинг, шунингдек, сохта имтиҳонларни ўтказишга ихтисослашган шахсларнинг ноқонуний фаолиятини аниқлаш ва уларга чек қўйиш устида ишламоқда.
Бундан ташқари, сохта тил билиш сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ҳақидаги маълумотлар Таълим ва фанни назорат қилиш бўйича федерал хизматга (Рособрнадзор) юборилади. Маълум бўлишича, у 2024 йил июнь ойидан буён бундай ҳолатлар ҳисобини юритиб келмоқда. Россияга миграция мақоми ёки фуқаролигини олиш учун келган чет элликлар рус тили, қонунчилик асослари ва мамлакат тарихидан имтиҳон топшириши зарур бўлади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 18 май куни Россия Таълим ва фан вазирлиги раҳбари Валерий Фальков рус тилини билиш сертификати берилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида хорижликлар учун имтиҳон ўтказишдан тижорат тузилмаларини четлатишни буюрган. Апрель ойида эса бундай имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган барча 12 та университет ҳамкорлар билан шартномаларни бекор қилган. 2024 йилнинг январидан июлигача имтиҳондан ўта олмаган хорижликлар улуши 10 баробар ошган. Рособрнадзор, шунингдек, патент ва ишлашга рухсат олиш учун имтиҳонга оғзаки тилни билиш даражасини баҳолашни киритиш каби ўзгаришлар киритишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ cуд ижрочилари мигрантларни депортация қилишнинг бутун жараёнини видеога ёзиб олиши ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси