Россияда мигрантлар учун янги қоидалар кучга кирди
Олам
−
30 Декабрь 2021
12203Кеча, 29 декабрдан бошлаб Россияда меҳнат ва узоқ муддатга келган мигрантлар учун янги қоидалар кучга кирди. Бу ҳақда “Спутник” хабар берди.
Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган хорижликлар ва меҳнат мигрантлари мамлакатда ОИВ, гиёҳванд моддалар ва бир қатор юқумли касалликлар бўйича тестлардан ўтиши шарт.
Бундан ташқари, энди барча тиббий маълумотномаларни 3 ой ичида Ички ишлар вазирлигига топширилиши керак. Ҳужжатларнинг амал қилиш муддати бир йил, кейин тестларни такрорлаш керак.
Шунингдек, хорижликлар мамлакатда 90 кундан ортиқ қолмоқчи бўлса, кирган кундан бошлаб 90 кун ичида суратга тушиши ва бармоқ изларини топшириши керак. Меҳнат мигрантлари 30 кун ичида ёки ишга ҳужжатларни олганда бармоқ изларидан ўтиши керак. Бунинг учун улар Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига, унга қарашли идора ёки ваколатли ташкилотга шахсан мурожаат қилишлари зарур.
Қайд этилишича, биометрик маълумотлар топширганлик ҳақида ҳужжат чипли карта кўринишида бериш йўлга қўйилади. Картада исм, туғилган сана, жинси, фуқаролиги ва паспорт маълумотлари, шунингдек, бармоқ излари ва сурати бўлади.
Патентлар ҳам мигрантларга биометрик маълумотларга эга электрон чипли карталар кўринишида берилади. Олд томонда шахсий маълумотлар қайд этилади: фото, исм, туғилган санаси, фуқаролик, паспорт рақами ва касби, орқа томонида - иш жойи, патент берилган жой ва сана. Чипга эгасининг биометрик маълумотларини жойлаштириш режалаштирилмоқда: юзнинг электрон сурати ва бармоқ излари.
LiveБарчаси