Россияда мигрантлар учун давлат божлари оширилади
Олам
−
12:02 3142 3 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин миграция соҳасидаги қатор давлат божлари миқдорини ошириш ҳамда янги бож турларини жорий этишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақдаги қонун ҳукумат порталида эълон қилинди.
Ҳужжат федерал бюджет даромадларини кўпайтириш, шунингдек, айрим тоифадаги мигрантларга имтиёзлар беришни ҳам кўзда тутади.
Қонунга кўра, илгари ундирилмаган янги давлат божлари жорий этилади. Хусусан, яшаш гувоҳномасини алмаштириш учун 6 минг рубл, вақтинчалик яшаш рухсатномасининг дубликатини бериш учун эса 5 минг рубл миқдорида бож тўланади.
Шунингдек, бир неча маротаба чегарани кесиб ўтиш визасини расмийлаштириш божи 1 920 рублдан 6 минг рублгача, Россияга кириш таклифномасини расмийлаштириш божи 960 рублдан 8 минг рублгача, яшаш гувоҳномасини олиш божи эса 6 минг рублдан 30 минг рублгача оширилади.
Бундан ташқари, вақтинчалик яшаш рухсатномасини расмийлаштириш божи 1 920 рублдан 15 минг рублгача, таълим олиш мақсадидаги вақтинчалик яшаш рухсатномаси божи 1 920 рублдан 8 минг рублгача, хорижлик ишчиларни жалб қилиш рухсатномаси божи ҳар бир ходим учун 12 минг рублдан 15 минг рублгача, ишлаш рухсатномаси божи эса 4 200 рублдан 5 минг рублгача оширилади.
Россия фуқаролигини қабул қилиш ёки ундан чиқиш божи 4 200 рублдан 50 минг рублгача кўтарилади. Россияга кириш ёки ундан чиқиш визасини бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш божи эса 1 200 рублдан 2 минг рублгача оширилади.
Шу билан бирга, қонун айрим тоифадаги хорижликлар учун имтиёзларни ҳам назарда тутади. СССР фуқаролари бўлган ҳамда Россиянинг ватандошларни кўчириш давлат дастурида иштирок этаётган шахслар ва уларнинг оила аъзолари Россия фуқаролигини олиш учун давлат божи тўлашдан озод этилади.
Бундан ташқари, Россия Президенти фармонига мувофиқ мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи шахслар деб эътироф этилган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномасини олиш учун бож тўламайди.
Уруш даврида Россия Қуролли кучлари билан хизмат шартномасини имзолаган хорижликлар ҳам фуқароликни қабул қилиш ва яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш божларини тўлашдан озод қилинади. Бундан ташқари, Россия фуқаролиги мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги фактини аниқлаш учун давлат божи ундирилмайди.
Маълум қилинишича, қонун расман эълон қилинганидан бир ой ўтиб кучга киради. Молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларга кўра, божлар оширилиши натижасида федерал бюджетга жорий йилда 7,915 миллиард рубл, 2027 йилдан бошлаб эса ҳар йили 15,83 миллиард рубл қўшимча даромад тушиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин мамлакатдан чиқиб кетган фуқароларга тегишли мол-мулкни вақтинча хатлаш (яъни фойдаланишни чеклаш) имконини берувчи янги қонунни имзолаган эди.
Live
Барчаси