Россияда криптовалюта бутунлай тақиқланмоқда
Олам
−
21 Январь 2022
5641Россия Марказий банки мамалакат бўйлаб майнинг ва криптовалюта фаолияти учун тақиқ қўймоқчи.
Кеча, 20 январь куни Марказий банк Федерация ҳудуди бўйлаб криптовалюта ва майнинг фаолиятини бутунлай чеклаш назарда тутилган докладни эълон қилган.
Билдирилишича, криптовалюта билан боғлиқ фаолиятлар оқибатида Россия молия бозори таҳдид остида қолиб, жуда катта зарар кўрмоқда.
Тобора молиявий пирамидалар кўринишини олаётган криптовалюталар сабаб мамлакат биржа фонди ҳакерлар ҳужуми қурбонига айланмоқда. Биржа фонди зарар кўриши оқибатида эса фуқаролар мол-мулки ва киритган инвестициясидан ажраб қолмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг мислсиз равишда криптоволюталарни сотиб олиши Россия маблағларининг четга чиқиб кетиши ва рублнинг тобора қадрсизланиб боришига сабаб бўлмоқда.
Маълум қилинишича, ҳозирда Россия криптовалюталар майнинги бўйича дунёда учинчи ўринни эгалламоқда.
“Bloomberg” агентлигининг хабарига кўра, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллинанинг криптовалюталар билан боғлиқ операцияларга қарши тўлиқ тақиқ жорий этиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаган.
Россияда криптовалютанинг тақиқланишига яна бир сабаб сифатида, сўнгги пайтларда мамлакатдаги ҳукуматга қарши мухолифат саналган ташкилотларнинг айнан криптоволюталар ҳисобидан молиялаштирилгани билдирилмоқда.
“Bloomberg” агентлигининг маълум қилишичича, ҳозирда Федерация бўйлаб криптоволютага эга бўлган 17 миллион аҳолининг қўлида 7 триллион рубль миқдоридаги активлар мавжуд.
Билдирилишича, ушбу маблағлар орасида мамлакатдаги мухолифатни молийлаштириш учун сарфланган сумма унча катта эмас, аммо, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) келажакда ушбу кўрсаткич ошиб кетишидан хавотирда.
Шу ўринда, Марказий банк россияликларга рақамли активларни сақлаш ва уларнинг хорижий сайтлардаги савдосини тақиқлашни режалаштирмагани айтилмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси