Россияда ишлаётган 500 га яқин ўзбекистонлик иш берувчи устидан шикоят қилди

Жамият

image

Россия Федерацияси Москва шаҳрида меҳнат қилаётган 500 нафарга яқин ўзбекистонлик мигрант иш берувчи устидан шикоят қилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий баёнот билан чиқди.

Маълум қилинишича, Москва шаҳрида жойлашган “Монолит капитал строй” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ мигрантлар иш берувчи ташкилотдан норози бўлиб Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 26 апрель куни Агентлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъул ходимлари билан биргаликда воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган. 19 май куни Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонасида фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган.

Маълум бўлишича, қурилиш объектларида мустақил равишда, иш берувчи билан ўзаро келишув асосида иш бошлаган фуқароларга иш ҳақларининг берилиши кечиктирилган ва бу ҳолат уларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Агентлик томонидан яшаш жойисиз қолган фуқаролар бепул ётоқхона ва 3 маҳал овқат билан таъминланган, ишсиз қолганларга бошқа иш жойлари таклиф қилинган.

Ҳозирги вақтда 500 нафарга яқин фуқароларнинг шикоятлари асосида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш ҳақларини ундириб бериш мақсадида Москва шаҳар прокуратураси, Тергов қўмитаси ҳамда Меҳнат инспекцияларига расман мурожаат қилинган.

Шунингдек, уларнинг 25 фоиздан ортиғи нолегал тарзда иш фаолиятини олиб боргани аниқланиб, Россиянинг амалдаги қонунчилиги асосида уларни легаллаштириш бўйича зарурий тавсиялар берилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ҳолат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун доирасида иш ҳақларини ундириш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг