Россияда марказий осиёлик талаба 13 йил аввал ном-нишонсиз йўқолгани юзасидан иш очилди
Олам
−
07 Февраль 2025 11172 2 дақиқа
Россиянинг Екатеринбург шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари бундан 13 йил олдин бедарак йўқолган қирғизистонлик талаба Нурмамат Муҳаммадалининг ўғирлаб кетилгани факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда URA.RU хабар берди.
Тергов бўлими Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) бўйича жиноий иш қўзғатди. Гап қирғизистонлик талаба Екатеринбургда ўғирлаб кетилган эски воқеалар ҳақида кетмоқда. У ҳали ҳам тирик ёки ўлик ҳолда топилмади.
Жиноят 2012 йил 23 апрелга ўтар кечаси Бебел кўчасида содир бўлган. Россия давлат педагогика университетининг сиртқи таълим шаклида таҳсил олган талабаси Нурмамат Муҳаммадали икки дўсти билан “Волга” автомобилида кетаётган эди. Тўсатдан уларнинг машинасини оч кулранг ёки кумушранг ГАЗ-3110 атайлаб уриб юборди. Бир неча киши машинадан тушиб, йигитни “Волга”дан чиқариб, машинасига ўтқазиб, ҳайдаб кетган. Ўшандан бери унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Россия Тергов қўмитасига кўра, одам ўғирлашнинг бир нечта версиялари текширилмоқда. Улардан бирига кўра, жиноятдан аввал талаба ва уни ўғирлаганлар ўртасида можаро келиб чиққан. Бошқасига кўра, бу ҳеч ким билмаган “жабрланувчининг норасмий фаолияти” билан боғлиқ бўлиши мумкин эди. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 126-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган шахсни ўғирлаш) бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилган. Талабанинг қариндошлари ҳатто “Мени кутинг” дастури ёрдамида уни қидирган, бироқ йигит гўё “ҳавода ғойиб бўлган”.
2014 йилда бу иш бўйича Қирғизистоннинг икки фуқароси қидирувга берилган. Энди иккала шахс ҳам Россиядан қочиб, бошқа мамлакатларда яширингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, улар аллақачон халқаро қидирувга берилган, тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Россиянинг Москва шаҳрида икки эркак катта миқдорда пул ундириш мақсадида ўғирлаб кетилганди. Қирғизистоннинг икки фуқароси “Кузьминки” метро бекати яқинидаги кафеда дўстини кутиб турган. Икки номаълум эркак уларга яқинлашиб, машинани ўт олдиришда ёрдам сўраган. Қирғизистон фуқаролари эса рози бўлиб кўчага чиққан.
Номаълум шахслар у ерда уларни машина ичига итариб юборган, ҳужжат ва телефонларини олиб, кейинроқ Хорошёво-Мнёвники туманидаги жойга олиб борган. Улар қирғизистонликлардан 190 минг рубль талаб қила бошлаган, эркакларни калтаклаган ва уларга ўлдириш билан таҳдид қилган.
Live
Барчаси