Россия Запорожьега 5 та авиабомба ташлади. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
16:49 1197 2 дақиқа
Россия қўшинлари бугун, 10 октябрь куни Украина жануби-шарқидаги Запорожье шаҳрига бешта бошқариладиган авиабомба ташлади. Оқибатда 12 киши, жумладан, 3 нафар бола ҳалок бўлди, яна 14 киши яраланди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яраланганлардан икки нафарининг аҳволи оғир. Шифокорлар уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Ҳужум вақтида воқеа жойида бўлган бўлиши мумкин бўлган яна 12 киши ҳақида маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Айни пайтда барча тегишли хизматлар ҳодиса жойида ишламоқда, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Зеленский, шунингдек, Россия қўшинлари тунда Украинанинг 13 та ҳудудига ҳужум қилганини билдирган. Ҳужумлар оқибатида турар жойлар, инфратузилма объектлари ва темирйўлга зарар етган.
Украина Президенти Россиянинг Запорожьега ҳужумини дизель ёнилғиси экспортига қўйилган санкцияларнинг бекор қилиниши билан боғлаб, Москва босимнинг юмшатилишини урушни давом эттириш мумкинлиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилаётганини таъкидлаган.
“Бу тун Россия босимнинг ҳар қандай юмшатилишини урушни давом эттириш, шаҳарларга бомба ташлаш мумкинлиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилишини яна бир бор тасдиқлади. Бошқа сигналлар керак. Россия урушни тўхтатиш лозимлигини англаши учун ўз йўқотишларини ҳис қилиши керак. Ҳозирда бунга айнан бизнинг узоқ масофага зарба бериш имкониятимиз ёрдам бермоқда”, деб ёзган Зеленский.
У Россиянинг Украина ҳудудларига берган зарбаларига жавоб қайтарилишини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ростов-Дон шаҳрига Украина дронлари ҳужум қилиши оқибатида нефть маҳсулотлари терминалида ёнғин чиққанди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь