Россия етакчиси Кременчугдаги воқеага муносабат билдирди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Кременчугдаги савдо марказига ракета билан берилган зарба  “разведка қилинган ва ўрганилган” нишонларга нисбатан амалга оширилганига ишонч билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Россия етакчиси Ашхободда журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Украина ҳарбийлари техникани “турар жой даҳалари ва яна аллақаерларга” жойлаштираётгани, шу билан бирга, “ҳар хил омборлар ва бозорларга” яшириши ва ўз навбатида Россия ҳарбийлари шу объектларга зарбалар беришини, бироқ фуқароларни нишонга олмаслигини айтди.

“Бизда ҳеч ким шунчаки дуч келган жойларни ўққа тутиб кетмайди”, дейди Путин.

Унинг айтишича, одатда ҳужумлар разведка қилинган, ўрганилган нишонларга нисбатан амалга оширилади. 

“Ишонаманки, бу ҳолатда ҳам худди шундай бўлган. Ахир улар Ғарб етказиб бераётган техникани ҳар хил омборларга, бозорларга, заводларга, цехларга яширмоқда, у ерда техника таъмирланади ёки худди шу ғарб давлатлари билан узоқ давом этган кимўзардан кейин тартибга келтирилади. Россия армияси ҳеч қанақа фуқаролик объектларига зарба бераётгани йўқ”, дейди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Полтава вилояти Кременчуг шаҳрига Россия аэрокосмик кучлари томонидан ҳужум амалга оширилди. Расмий Москвага кўра, ракета зарбаси Кременчугдаги АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидан келтирилган қурол-яроғлар омборига берилган. Бунинг оқибатида омбор яқинидаги савдо марказига ўт кетган. Киев эса ракета ҳужуми савдо марказига берилгани, бу вақтда дўконда одамлар бўлганини айтмоқда. Воқеадан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинага нисбатан “ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқларининг янги тўлқини” ҳақида хавотирли баёнот берди.

Абдулвоҳид Ёқубов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг