Россия ядровий двигателли ракетани синовдан ўтказди

Олам

image

Украинага қарши уруш давом этаётган бир пайтда, Россия ядровий энергия билан ишлайдиган, чексиз масофага учиш қобилиятига эга “Буревестник” қанотли ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 26 октябрь куни Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов билан учрашувда маълум қилди.

Путиннинг сўзларига кўра, бу ҳафтада Россия Қуролли кучлари стратегик ҳужумчи кучларнинг машғулотини ўтказган ва унда “стратегик ядровий кучларнинг барча учта таркибий қисми бўйича шартли ҳарбий пусклар амалга оширилган”, шунингдек “перспектив қурол намуналари” синовдан ўтказилган.

Россия Президенти “Буревестник”ни “дунёда тенги йўқ, уникал ишланма” деб атади.

“Бу – дунёда ҳеч кимда йўқ маҳсулот. Энди унинг қўлланиш имкониятларини аниқлаб, бу қуролни Қуролли кучлар таркибида жойлаштириш учун инфратузилмани тайёрлашни бошлаш керак”, деди у.

Герасимовнинг маълум қилишича, “Буревестник” 21 октябрь куни синовдан ўтказилган, 14 000 километр масофани босиб ўтган ва тахминан 15 соат ҳавода бўлган.

“Ракетанинг техник хусусиятлари уни исталган масофадаги юқори даражада ҳимояланган объектларга аниқ зарба бериш имконини беради”, деди у.

Бу маълумотларни мустақил манбалар ёки Ғарб ҳарбийлари ҳозирча тасдиқламаган.

НАТОда Skyfall номи билан танилган “Буревестник” ракета лойиҳасига 10 йилдан ортиқ вақт бўлди. Россия ҳарбийлари унда кичик ядровий реактор ўрнатилганини маълум қилган. Бу, назарий жиҳатдан, ракетанинг ҳавода бир неча кун давомида қолишини таъминлаши мумкин.

Вашингтондаги Nuclear Threat Initiative (Ядровий таҳдид ташаббуси) ташкилоти 2019 йилдаги ҳисоботида шундай ёзган эди:

“Skyfall ядровий жанговор қисмга эга бўлади, Ер шарини паст баландликда айланиб чиқиб, ракетага қарши мудофаа тизимларини ва рельеф тўсиқларини четлаб ўтади, кейин эса боеголовкани олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган нуқтага ташлайди”.

Путин “Буревестник” ҳақида илк бор 2018 йилда маълум қилган эди. Nuclear Threat Initiative маълумотларига кўра, 2017–2019 йиллар орасида Россия камида 13 марта синов ўтказган, аммо улардан фақат иккитаси қисман муваффақиятли бўлган.

2019 йил август ойида Архангельск вилоятидаги Северодвинск яқинида жойлашган полигонда портлаш содир бўлиб, “Росатом” ва Мудофаа вазирлиги ходимларидан етти киши ҳалок бўлган. Кейинроқ расмийлар бу ҳодиса радиация манбаи билан боғлиқ объектда бўлганини тан олган.

2023 йил октябрида Путин “Буревестник”нинг навбатдаги муваффақиятли синови ҳақида хабар берган эди. “The New York Times” ўшанда Россия Панковo полигонида янги синовларга тайёргарлик кўраётганини ёзган. 2025 йил ёзида мустақил тадқиқотчилар шу объектда яна синов тайёргарлиги изларини аниқлаганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин ракета ядровий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг