Россия ва КХДР ўртасида поездда йўловчи ташиш бошланади
Олам
−
21 Сентябрь
5136“Россия темирйўллари” ОАЖ 15 декабрдан бошлаб Приморье ўлкасидан Шимолий Кореяга йўловчи поездлар қатновини қайта бошлайди. Бу ҳақда Россия темирйўллари инфратузилмасига киришни таъминлаш ва йўловчиларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш Узоқ Шарқ минтақавий хизмати раҳбари Сергей Фомичев маълум қилди.
“Ўтган ҳафта пандемиядан кейин ёпилган чегаралар бўйича халқаро йиғилиш бўлиб ўтди. Биз 15 декабрдан бошлаб Шимолий Корея билан “Ҳасан”– “Туманган” йўналишида ҳафтасига уч марта қатнов бошламоқчимиз. Бундан ташқари, шу санадан бошлаб “Гродеково” станцияси ва Хитойнинг “Суйфэньхэ” ўртасида поездлар қатнови қайта йўлга қўйилади”, дейди у.
Қайд этилишича, томонлар ҳозирда 2024-2025 йиллар учун ҳаракатланиш жадвалини ишлаб чиқмоқда. Ишлар якунлангандан сўнг Владивосток – Ҳасан – Ражин (КХДР) йўналишида поездлар қатнови бошланади. Октябрь ойида эса тест режимида ушбу амалиёт синаб кўрилади.
Маълумот учун, 6 июнь куни COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган танаффусдан сўнг биринчи йўловчи поезди Приморьедан КХДРга жўнаб кетган. Унда туризм саноати вакиллари Шимолий Кореяга саёҳат қилган. Приморье губернатори июнь ойида Владивостокдан Шимолий Кореянинг Ражинига йўловчи поездларини июль ойидан йўлга қўйиш режалаштирилганини маълум қилган.
Ҳозирги вақтда Приморье шаҳридаги Ҳасан станциясидан Ражин портигача темирйўл алоқаси мавжуд, аммо фақат юк ташиш учун. Приморье ва КХДР ўртасида тўғридан тўғри денгиз алоқаси йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Инга 24 дона Орлов троттер зотли отини совға қилган эди. Ушбу отлар “Ҳасан” темирйўл назорат пункти орқали ўтказилган.
LiveБарчаси