Россия Ўзбекистон тарих дарсликларини титкилаяпти

Интервью

Россия тарихимизга аралашяпти. Яқинда Россиянинг 1-канал телеканалида эфирга узатилган Антифейк кўрсатувида Ўзбекистон тарих дарсликлари муҳокама қилинди. Унда бир неча рус тарихчилари Ўзбекистон ўз фарзандларига нотўғри тарихни ўқитиб, русафобларни тайёрлаётгани, 1920 йилгача Ўзбекистон деган давлат бўлмагани, Россия бу давлатни яратиб бермагани ҳақида айтиб, бунда АҚШни айблаган. 

“МДҲдаги қўшниларимиз фуқароларига ўн йиллар давомида русофобия ва сохта тарихга ўргатмоқда. Бугун ҳаётни айнан қандай дарсликлардан ўрганмаслик кераклиги ва тарихий фактларнинг қандай қилиб сохтага айлантирилиши ҳақида гап боради. Агар 5-синф учун Тарих ўқув китоби очилса, сизни ҳайратга соладиган кўп нарсани билиб олиш мумкин. Маълум бўлишича, Пётр I ушбу ўлка бой табиий ресурслари учун эгалик қилишни режалаштирган экан. Келинг, энди ушбу дарсликнинг бир неча саҳифасига назар ташлаймиз. Россияга мустамлакалик қарамлиги. Ўзбекистондаги бой табиий ресурслар қадимдан рус подшоҳларини, жумладан Пётр I ни ҳам ўзига жалб этиб келган, шунинг учун у бу бойликларни эгаллашни ният қилган. Пётр I нинг режалари ХIХ асрда унинг авлодлари томонидан амалга оширилган. Россия империяси Марказий Осиё хонликларининг иқтисодий орқада қолганлигидан, замонавий қуроллар ва ўқитилган армияга эга бўлмаганлигидан, шунингдек, уларнинг ўзаро урушларидан фойдаланиб қолди. Ушбу дарслик Республика Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ва 2020 йилда иккинчи нашри чиқди, биринчи нашри эса олдинроқ чоп этилган. Бу ўрта мактаб бешинчи синфи учун рус тилидаги нашр”, деган кўрсатув бошловчиси Александр Смол.

QALAMPIR.UZ Ўзбекистон дарсликларига Россия империясининг босқинчи сифатида киритилишидан норози рус тарихчилари эътирозига Ўзбекистон тарихчиларидан жавоб олди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистон таълими ва тарихига аралашишга россиялик тарихчиларнинг ҳаққи йўқ.

“Босқинчини босқинчи демасдан яна нима дейиш мумкин. Ўша пайти жуда катта мустамлакачилик сиёсати амалга оширилган. Босқинчилик юришлари қилинган. Бундан ташқари, Россия империясининг бу ерга келиб айтиб бўлмас даражада қўрқинчли сиёсат қилгани ва халққа қарши геноциди тарихий фактлар билан исботланган. Биз нега буни ўқитмаслигимиз керак. Агар биз ҳақиқий тарихни очадиган бўлсак, асл манзара бундан ҳам ёмонроқ аслида”, деди Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти кичик илмий ходими Завқибек Маҳмудов.

Шунингдек, Тарих институти таянч докторанти Далер Мирзаев ҳам ўз ҳамкасбининг гапларини тасдиқлар экан, рус тарихчиларининг 1920 йилларгача Ўзбекистон деган давлат бўлмагани, унга давлатчилик сиёсатини айнан Россия Империяси олиб киргани ҳақидаги гапларига ўз муносабатини айтиб ўтди. 

“1924 йилда Ўзбекистон ССР тузилди, лекин буюк Туркистон парчаланди. Олдин уч қисмга ажралган катта диёрни СССР энди 5 қисмга ажратиб юборди. Агар Иттифоқ бўлмаганда, бизни босиб олмаганида балки Туркистон қайта бирлашиши мумкин эди”, деди Мирзаев. 

Россиялик тарихчиларнинг асосий эътирози бу дарсликларнинг таъминотчиси. Уларнинг айтишича, дарсликлар USAID кўмаги билан яратилган ва АҚШ позицияси билан ёзилган. Аммо Ўзбекистон тарихчилари бу маълумотларни кескин рад этди.

Ўзи умуман, россиялик тарихчилар нега Ўзбекистоннинг дарсликларини титкилаяпти? Уларнинг мақсади нима? Шу ва шу каби саволларга QALAMPIR.UZ’нинг тўлиқ интервьюсида жавоб бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг