Россия университетлари талабаларни фронтга тайёрламоқда – ОАВ

Олам

image

Россиянинг камида 24 ҳудудидаги 70 дан ортиқ таълим муассасасида талабаларни Украинадаги урушга жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Эхо” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, урушга ёллаш ҳолатлари 57 та олий таълим муассасаси ҳамда 13 та коллеж ва техникумда аниқланган. Улар орасида Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги таълим муассасалари ҳам бор. Аслида бундай муассасалар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, бу бутун мамлакат бўйлаб олиб борилаётган кампания бўлиб, айрим олийгоҳларга талабаларни ҳарбий хизматга жалб қилиш бўйича квоталар ҳам белгиланган. Талабаларни ёллашда турли усуллар қўлланмоқда. Уларга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш эвазига катта миқдорда пул, айрим таълим муассасаларида эса қўшимча тўловлар ваъда қилинмоқда.

Шунингдек, ҳарбий хизмат “учувчисиз тизимлар қўшинлари”да замонавий технологиялар билан ишлаш ва келажак учун фойдали касбий кўникмаларни эгаллаш имконияти сифатида тарғиб қилинмоқда.

Нашрнинг ёзишича, тарғибот материалларида ҳарбий хизматни ўқиш билан бирга олиб бориш мумкинлиги, армияга юборилиш эса “академик таътил” сифатида расмийлаштирилиши айтилмоқда. Талабаларга хизмат муддати тугагач, ўқишни давом эттириши ва ҳарбий хизматдан бўшатилиши ҳам ваъда қилинмоқда. Бироқ айрим олийгоҳларда талабалар бундай йиғилишларга мажбуран олиб келинаётгани, қатнашмаганларга нисбатан жазо қўлланилиши билан таҳдид қилинаётгани ҳам қайд этилган.

Шунингдек, ўзлаштириши паст бўлган талабалар раҳбарият ҳузурига алоҳида чақирилиб, улар билан шартнома имзолаш бўйича суҳбатлар ўтказилаётгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, реклама қилинаётган ваъдалар амалдаги ҳолатга мос келмайди. Ҳуқуқшунос Артём Клиганинг маълум қилишича, олийгоҳлар орқали тузилаётган шартномалар оддий ҳарбий контракт бўлиб, уни муддатидан олдин бекор қилишнинг ҳуқуқий имконияти мавжуд эмас. Бундан ташқари, “учувчисиз тизимлар қўшинлари”да хизмат қилиш ҳам кафолатланмайди ва ҳарбий хизматчи бошқа бўлинмаларга, жумладан, пиёда қўшинларига ўтказилиши мумкин.

Ҳуқуқшунос талабаларни Россия Мудофаа вазирлиги билан бундай шартномалар тузмасликка чақириб, қонунчиликда хизматни ўз хоҳишига кўра тарк этиш ёки урушдан соғ қайтиш бўйича ҳеч қандай кафолат йўқлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг