Россия Украинага яна зарбалар берди. Қурбон бор

Олам

image

Кеча, 4 май куни Россия Украинанинг турли ҳудудларини ўққа тутди ва бунинг оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна 13 киши яраланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Маълум қилинишича, Днепропетровск вилоятида отишмалар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган.

Бундан ташқари, Россиянинг Марганец шаҳрига эрталабки зарбаси чоғида уч киши – 39 ва 68 ёшли эркаклар ва 75 ёшли аёл жароҳатланган. Уларнинг барчаси ўрта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Херсонда Россия дронларининг ҳужуми оқибатида икки маҳаллий фуқаро жароҳат олган. 40 ёшли аёл автомобилига портловчи қурилма ташланганда умуртқа поғонаси ва оёқларидан жароҳат олган. Жабрланувчининг аҳволи ўртача оғирликда ва у айни дамда шифохонада.

Қолаверса, Донецк вилоятида ҳам россияликларнинг маҳаллий аҳолини ўққа тутиши оқибатида олти киши яраланган.

Харьков вилоятидаги Купянск шаҳри ҳам ўққа тутилган. Бунинг оқибатида эса Харьков вилоятининг Изюм туманида ўрмон ёнғини бошланган.

“Ёнғин уйларига яқинлашган маҳаллий аҳолини эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда, ўрмонда Россия қўшинлари томонидан қолдирилган ўқ-дорилар портлатилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 май куни кечаси Россия қўшинлари Харьков шаҳрига кенг кўламли дрон зарбасини берган эди. Ҳужум оқибатида шаҳарнинг тўртта тумани – Киевский, Основянский, Слободской ва Салтовскийда жойлашган 12 та нишон зарба остида қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг