Россия Украина чегарасида тўплаган кучларининг учдан бир қисмини йўқотди – Британия разведкаси

Олам

image

Россия Украинага қарши уруш бошланишидан олдин чегарага тўпланган қуруқликдаги жанговар кучларнинг учдан бир қисмини йўқотган. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведкаси маълум қилди.

“Россиянинг Донбассдаги ҳужуми жадалликни йўқотди ва режадан анча ортда қолди. Дастлабки кичик муваффақиятларга қарамай, сўнгги бир ой ичида Россия сезиларли йўқотишларга дучор бўлган ҳолда кўринарли муваффақиятга эриша олмади. Ҳозирда Россия февраль ойида жойлаштирилган қуруқликдаги жанговар кучларнинг учдан бир қисмини йўқотган бўлиши мумкин”, дейилади вазирлик Twitter’ида.

Мудофаа вазирлиги ҳисоботида, Украинадаги жанговар ҳаракатлар пайтида қанча рус аскари ҳалок бўлган ёки яраланганига аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия яқин ойда ҳужум тезлигини кескин оширмаслигини тахмин қилмоқда.

Февраль ойида Британия разведкаси Украина билан урушда қатнашган рус қўшинлари сонини қандай ҳисоблагани аниқ эмас. Январь ойида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Украина билан чегара яқинидаги рус қўшинлари сонини 100 минг киши, 13 февралда 130 минг киши, 20 февралда эса 169-190 минг киши деб ҳисоблаган эди.

Украинада уруш бошланганидан бери Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Россия армиясининг йўқотишлари ҳақида фақат икки марта хабар берган. 2 март куни вазирлик 498 киши ҳалок бўлгани ва 1597 киши яралангани, 25 март куни эса 1351 киши ҳалок бўлгани ва 3825 киши яралангани ҳақида маълум қилган эди.

Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг 15 майдаги маълумотларига биноан, Россиянинг жанговар йўқотишлари 27,4 минг кишини ташкил этади.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

175

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг