Россия-Украина чегараси яқинида снаряд портлади
Олам
−
19 Февраль 2022
12203Бугун, 19 февраль куни Россиянинг Украина билан давлат чегарасидан 1 км узоқликда, Ростов вилоятининг Тарасовский туманида снаряд портлади. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб, ТАСС хабар берди.
“Снаряд Ростов вилояти Тарасовский тумани ҳудудида, Россиянинг Украина билан давлат чегарасидан бир километр узоқликда портлаган. Портлаш Москва вақти билан соат 04:00да, Митякинская қишлоғидаги хонадонлардан биридан 300 метр узоқликда содир бўлган. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ишламоқда. Снаряд портлаши натижасида қурбонлар ва вайроналар йўқ.
Қайд этилишича, ушбу портлаш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган ва воқеанинг барча ҳолатларини ҳар томонлама чуқур текшириш бошланган.
РИА Новостига кўра, чегара яқинида портлаган снарядлар сони иккита бўлган. Иккинчи снаряд ҳам Ростов вилоятида портлаган.
Украина нашрлари ушбу ҳолатга муносабат билдириб, бу Россиянинг провокацияси эканини айтган.
“АҚШ узоқ вақтдан бери Россия Украинага кенг кўламли босқинни оқлаш учун провокациядан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда.
Хусусан, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 17 февраль куни Россия Федерациясининг бостириб киришига мамлакат ичидаги уйдирма деб аталмиш террорчилик ҳужуми, хаёлий оммавий қабрнинг жойлашуви, тинч аҳолига дронлар ёрдамида уюштирилган ҳужум, кимёвий қурол ёрдамида қилинган ҳақиқий ҳужум сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилганди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.
Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.
Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.
LiveБарчаси