Россия тез орада Украинага ҳужум қилади – Блинкен
Олам
−
19 Январь 2022
13474Россия тез орада Украинага ҳужум қилади. Бундан ташқари, мамлакатни даҳшатли хатар кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 19 январь куни Киевда Президент Владимир Зеленский билан ўтган учрашув чоғида АҚШ давлат котиби Блинкен маълум қилган.
АҚШ вакили Украина раҳбари билан учрашувда Россия томонидан ортиб бораётган таҳдидларга қарши туришда Киевга АҚШнинг кўмагини таклиф қилиб, хатарларли вазиятда Ғарб Украинани ёлғизлатиб қўймаслигини билдирган.
Чегара ҳудудида 100 минглаб қўшин тўплаётган Россия яқин орада Украинага ҳужум қилиши ҳақидаги хавотирлар АҚШ ва НАТО давлатларининг қизғин муҳокамаси ва огоҳлантирувчи баёнотларига сабаб бўлмоқда.
Россия номига йўлланган ана шундай огоҳлантиришлардан яна бири бугун Қўшма Штатлар вакили томонидан янгради.
“Россия Украинани заифлаштириш ва мамлакат демократиясига путур етказиш учун қўлдан келган барча ишларни қилмоқда. Украинада сайловларга аралашиш, кибер ҳужумлар йўли билан нотўғри маълумотларни тарқатиш шулар жумласидан. Агар Россия Украинага қарши агрессияни давом эттирадиган бўлса, АҚШ ва Ғарб Москавани иқтисодий муаммолар билан “сийлайди. Бунинг учун Россия, албатта, товон тўлайди. НАТО ва АҚШ Киевга ҳарбий салоҳиятини яхшилаш учун яқиндан кўмаклашишда давом этади”, дея билдирган Блинкен Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кубела билан ўтган учрашув чоғида.
Маълум қилинишича, жорий ҳафта охирида АҚШ расмийсининг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам учрашиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Оқ Уй Матбуот котиби Жен Псаки Россия қачон Украина ҳудудига бостириб кириши ҳақида маълум қилган эди. Унга кўра, Москва Киевга жорий йилнинг январь-февраль ойларида ҳужум қилишни кўзламоқда.
“Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. Биз буни аввал ҳам кўрганмиз. Бу воқеалар бизга 2014 йил, Россия Украина шарқидаги кучларга қарши ҳужум қилиш учун уларга қарши саботаж ва ахборот операциялари уюштирган пайтни эслатмоқда. Россия ҳарбий режалари январь ва февраль ўрталарида бошлаши мумкин”, деган Псаки.
Бунинг ортидан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини “сохта ва ахборот босими” дея атаган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси