Россия сулҳдан фойдаланиб, Херсонга ҳужумга тайёрланмоқда – “Bild“

Олам

−

image

Россия қўшинлари оккупация остидаги Олешки шаҳрида эълон қилинган вақтинчалик сулҳдан фойдаланиб, Херсон йўналишида ҳужумга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин. Ҳарбий техника ва аскарлар ҳудудга кўчирилаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда украиналик ҳарбийларга таяниб “Bild“ хабар берди.

Украиналик ҳарбийларнинг айтишича, Россия бўлинмаларининг фаол ҳаракатланиши видеога олинган. Хусусан, “КамАЗ“ юк машиналари жанговар бўлинмаларни узлуксиз ташимоқда. Каховка шаҳридаги саноат ҳудудида эса дронларга қарши ҳимоя тўрлари ўрнатилмоқда.

Шунингдек, Россия қўшинлари Раденск қишлоғи яқинидаги ўрмонга кўплаб “Град“ залп билан ўт очиш тизимларини жойлаштирган. Ҳарбийлар у ерда пана жойларни мустаҳкамлаб, дарахтларни кесмоқда.

Голая Пристань аҳолиси ҳам Россия ҳарбий юк машиналари кўплаб ҳаракатланаётганини билдирган. Бундан ташқари, Россиянинг дрон бўлинмалари Днепр дарёсига яқинроқ ҳудудларга кўчирилаётгани айтилмоқда. Украиналик ҳарбийлардан бири Россия қўшинлари сулҳ тугаганидан кейин дарёдан ўтишга уриниши мумкинлигини истисно қилмаган.

Украина ҳарбийлари эҳтимолий ҳужум жорий йилнинг 1 ноябрь куни сулҳ муддати тугаганидан кейин бошланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ бу режалар ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Олешки ҳудудида вақтинчалик сулҳга Ватикан ва АҚШ Биринчи хоними Мелания Трамп воситачилигида эришилган. Келишув оккупация остидаги шаҳарда қолаётган тинч аҳолини эвакуация қилиш учун имконият яратиши керак. ОАВ маълумотларига кўра, шаҳарда 2 мингга яқин киши қолмоқда.

Эвакуация эртага, 31 октябрь куни бошланиши режалаштирилган. Бироқ интернет йўқлиги сабабли айрим аҳоли вакиллари шаҳардан чиқиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш кераклигини билмаяпти. Бундан ташқари, эвакуация қилинаётган фуқароларга уй ҳайвонларини олиб кетиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 октябрь куни Россия ва Украина келишувга асосан Херсон вилоятининг Россия қўшинлари назоратидаги Олешки шаҳрида ўт очишни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг