Россия рус дипломатларини қувган Францияга жавоб қайтармоқчи
Олам
−
12 Апрель 2022
13039Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматининг олти нафар россиялик дипломатни чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини тасдиқлади ва яқин орада мутаносиб жавоб берилиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда журналистларга элчихона Матбуот хизмати раҳбари Александр Макогонов айтган.
"Жорий йилнинг 11 апрель куни элчи-маслаҳатчи Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга элчихонанинг олти ходимини чиқариб юбориш ҳақида хабар берилган. Франция расмийларининг нодўстона ҳаракати муносабати билан Россия томони ҳам кескин норозилик билдирган", дейди у.
Қайд этилишича, кеча, 11 апрель куни эса Франция Ташқи ишлар вазирлиги олти нафар россиялик дипломатни "персона нон-грата" (исталмаган шахс) деб эълон қилган. Вазирлик “қувилган ходимлар Франциянинг хавфсизлик манфаатларига зид фаолият билан шуғулланганини” таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Франция ҳукумати 30 га яқин россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилганди. Шу билан бирга, AFP агентлиги республика Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, Франция россиялик 35 нафар дипломатни ҳайдашини маълум қилганди.
LiveБарчаси