Россия Польшанинг дронлар бўйича “айбловлари”га жавоб қайтарди
Олам
−
10 Сентябрь 2025 16933 2 дақиқа
Украинадаги нишонларга тунги зарбалар пайтида “Польшада ҳеч қандай нишонни йўқ қилиш режалаштирилмаган”. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, расмий Москва Польша Мудофаа вазирлиги билан дроннинг келиши “мавзусида” маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёр. Вазирликнинг таъкидлашича, зарбада қўлланган рус дронларининг максимал парвоз масофаси 700 километрдан ошмайди.
10 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Ивано-Франковск, Хмельницкий, Житомир вилоятлари, шунингдек, Винница ва Львов шаҳарларидаги Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига узоқ масофали аниқликдаги қуроллар ва учувчисиз учоқлар ёрдамида йирик зарба берди.
Польша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги мамлакат ҳудудига учиб келган бир нечта дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Мамлакат Бош вазири Дональд Туск дронлар Россияга тегишли эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар “тўғридан тўғри хавф туғдирувчи” дронларни уриб туширган.
Шундан сўнг Польша Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг муваққат ишлар вакили Андрей Ордашни чақиртирди. Дипломат Польша расмийларининг дронларнинг Россияга қарашли экани ҳақидаги баёнотларини асоссиз деб атади ва бу хабарлар ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаслигини таъкидлади.
Туск НАТО иттифоқчилари ва НАТО Бош котиби Марко Рютте билан доимий алоқада эканини айтди. У иттифоқчилар билан иттифоқ низомининг 4-моддаси бўйича маслаҳатлашишни сўради.
Франция Президенти Эммануэль Макрон дронларнинг Польша ҳаво ҳудудида пайдо бўлишида Россияни айблаган бўлса, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас дронларнинг Польша осмонида “тасодифан” пайдо бўлганига шубҳа қилди. Бироқ “Reuters” агентлигининг НАТОдаги манбаларига таяниб хабар беришича, альянс ҳодисани ҳужум деб ҳисобламайди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, провокацияларда айбловлар ҳар куни айтилади, бироқ Европа Иттифоқи ва НАТО кўпинча далиллар келтиришга “ҳатто уринмайди”. Унинг сўзларига кўра, Кремлга Польша расмийларидан дронлар билан боғлиқ алоқалар бўйича ҳеч қандай сўров бориб тушмаган.
Маълумот учун, Польша армияси 2022 йилдан буён юқори жанговар шайлик ҳолатида. Ўшанда Украина ракетаси тасодифан Польшанинг бир қишлоғига тушиб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бироқ ҳозир Варшава ўз ҳудудида ҳаво объектларига қарши қурол қўлланганини илк бор расман маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киевдаги Украина ҳукумати биноси Россиянинг Украинага агрессияси бошланганидан бери биринчи марта душман ҳужумидан зарар кўргани ҳақида хабар берилган эди. Рада депутати Ярослав Железнякнинг аниқлик киритишича, ҳукумат биносининг юқори қаватида Бош вазирнинг идораси ва Украина ҳукуматининг мажлислар зали жойлашган. Киевдаги ҳукумат биносидаги ёнғин вертолёт ёрдамида ўчирилган.
Live
Барчаси