Россия парламенти 4 ҳудуд аннексиясини “қонунийлаштирди”

Олам

image

Россия парламентининг Федерация Кенгаши (юқори палата – таҳр.) бугун, 4 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Донецк ва Луганск “халқ республикалари”, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия таркибига қабул қилиш бўйича тўртта халқаро шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни бир овоздан маъқуллади. 

Ҳужжатлар 30 сентябрь куни Москвада имзоланган. Халқаро шартномалар, жумладан, янги субъектларнинг чегараларини белгилаш билан боғлиқ. “Республикалар” ва вилоятларнинг чегаралари улар ташкил топган ва Россия Федерацияси таркибига қабул қилинган кунида мавжуд бўлган ҳудуднинг чегаралари билан белгиланади. Халқаро шартномалар хорижий давлат ҳудуди билан боғлиқ чегаралар Россия Федерациясининг давлат чегараси бўлишини белгилайди. 

Шартномаларда, шунингдек, субъектлар Россияга қабул қилинган кундан бошлаб ҳозирги номларини сақлаб қоладиган иккита республика ва иккита вилоят ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Уларнинг раҳбарлари губернатор мақомини оладилар. Субъектлар раҳбарлари вазифасини бажарувчи субъектлар қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида Россия Федерацияси Президенти томонидан тайинланади. Минтақавий ҳукуматлар Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалдаги губернаторлар томонидан тузилади. 

Жорий йилнинг 2 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Давлат Думасига Россия таркибига субъектларни қабул қилиш тўғрисидаги федерал конституциявий қонунлар, шунингдек, халқаро шартномаларни ратификация қилиш учун тақдим этди. Шу куни Россия Конституциявий суди давлат раҳбари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тасдиқлади. 

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

аннексия

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made